Депутатлар Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузани кўриб чиқди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов ахборот берди.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати коррупциянинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олишга қаратилган превентив чора-тадбирларнинг амалга оширилаётганлиги билан аҳамиятлидир. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик индекси жорий этилди. 89 та вазирлик ва идораларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилди.

Мажлис мобайнида давлат хизматига “ҳалоллик вакцинаси”ни жорий этиш тамойилини ҳаётга татбиқ этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларининг ижроси ва бошқа превентив механизмлар билан бир қаторда коррупция билан боғлиқ айрим муаммо ва камчиликларга тўхталиб ўтилди.
Шундан келиб чиқиб, коррупцияга қарши курашиш йўналишида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳамда Миллий маърузада қоррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича илгари сурилаётган бир қатор таклифлар муҳокама қилинди.
Депутатлар томонидан коррупцияга оид, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига ва халқаро имиджига зарар етказувчи жиноятларни тергов қилиш натижаларини комплекс таҳлил қилиш, бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қарорлари қонунийлиги юзасидан ўтказилаётган назорат самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
Мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маърузаси маълумот учун қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
12.12.2023