Давлат дастури лойиҳаси жамоатчилик вакиллари иштирокида кўриб чиқилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда фуқаролик жамияти институти вакиллари ҳамкорлигида ишлаб чиқилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳаси Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ва ОАВ вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Иштирокчилар томонидан давлат дастури лойиҳасида белгиланган вазифаларнинг долзарблиги, коррупциянинг олдини олишдаги аҳамияти ва чуқур таҳлилларга асосланганлиги кўриб чиқилди.
Муҳокама давомида “Журналистларни қайта тайёрлаш маркази” вакили Г.Бабаджанова коррупциянинг олдини олишда жамоатчилик назорати муҳим аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, Давлат дастури лойиҳасига оммавий ахборот воситалари ва ННТ фаоллигини ошириш бўйича алоҳида бандлар киритиш, хусусан, соҳа вакиллари малакасини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида тизимли равишда семинар-тренинглар, мулоқотлар ташкил этиб бориш мақсадга мувофиқлигини билдирди.
Шунингдек, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси Кенгаши раиси ўринбосари Д.Мирзаев фуқаролик жамияти институтлари учун коррупцияга қарши курашиш мавзуларидаги грант лойиҳалари сонини кўпайтириш, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари ва кенг аҳоли вакиллари учун коррупцияга қарши курашиш жараёнларига жалб этиш, ушбу жараёнга қандай иштирок этиш, уларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттирилган ўқув-амалий қўлланмалар сонини кўпайтириш масаласи киритилиши лозимлиги қайд этилди.
Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раси Фозилжон Отахонов томонидан давлат дастурида давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш бўйича берилган таклифи, Агентлик масъул ходимлари томонидан давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш масаласи аввалги коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастури 4-бандида акс эттирилганлиги сабабли, қонунчиликдаги такрорланишларнинг олдини олиш мақсадида мазкур давлат дастури лойиҳасига киритиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тушунтириб ўтилди.
Бундан ташқари, Кенгаш аъзоси Абдураҳмон Ташанов томонидан сўнги вақтларда коррупция бўйича жиноий жавобгарликка тортилаётган ходимлар ижрочи ходимлар бўлиб, уларнинг раҳбарлари жавобгарликдан қутилиб қолаётганлиги сабабли коррупция жиноят содир этилган давлат органи раҳбарига ҳам маълум бир жавобгарлик чораларини қўллаш кераклиги тўғрисида таклиф билдирилди.
Мазкур таклиф юзасидан Агентлик масъул ходимлари томонидан А.Ташановга тушунтириш берилиб, коррупция жинояти содир этган давлат органи ходими кўрсатмасига ёки бошқа далилларга асосан агарда ушбу коррупция жиноятига давлат орган раҳбари ҳам алоқадор бўлса албатта у ҳам жиноят қонунчилиги бўйича жавобгарликка тортилиши, бунинг учун амалдаги қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлиги, бундан ташқари хизмат текшируви ўтказилиб жиноят содир этган ходимнинг бевосита раҳбарига интизомий жавобгарлик чоралари ҳам қўллаш мумкинлиги маълум қилиниб, ушбу таклифни давлат дастурига киритиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тушунтириб ўтилди.
Иштирокчилар томонидан аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жазо чораларини кучайтириш, хорижий ва халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган бир қатор таклифлар илгари сурилди.
10.10.2023