Онлайн мурожаат

Коррупция ҳақида хабар бериш

Бекор қилиш Хабар бериш

Расмий нутқ ва баёнотлар

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхановнинг 2024 йил 3 май куни III Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида "Обрў, ишончлилик ва хавфсизлик: коррупцияга қарши самарали сиёсат ва яширин иқтисодиётга қарши кураш туфайли хорижий инвестиция муҳитини яхшилаш" мавзусида бўлиб ўтган сессиядаги нутқи

Ассалому алайкум ҳурматли Форум иштирокчилари,

Ҳурматли шаҳзода Жан Люксембург жаноби олийлари, жаноб Кристиан де Буасье, Амина Гуриб Факим хоним, жаноб Салахэдин Мезуар, жаноб Кристоф-Андре Фрасса, қадрли меҳмонлар!

Барчангиз билан навбатдаги анъанавий Тошкент халқаро инвестицион форумида учрашиб турганимдан бағоятда хурсандман.

Жорий йилги форум ҳам турли хил мавзу, йўналиш ва экспертларни барча учун умумий бўлган бир нуқтада бирлаштира олгани билан ниҳоятда аҳамиятли.

Айни сессиямиз, яъни коррупция ва яширин иқтисодиётни бартараф этиш мавзусида билдириладиган фикрлар, ғоялар, таклифлар аввало иқтисодий ривожланиш, инвестицион жозибадорликка хизмат қилади.

Шу боисдан Спикерларимиз томонидан билдирилган фикрлар, бераётган таклифлари учун миннатдорчилигимни билдираман.

Бу ерда жуда кўпчилик Ўзбекистондаги ислоҳотлар, айниқса коррупцияга қарши курашиш бўйича ўзгаришлардан хабардор. Кўпчилигингиз билан ҳамкорликда амалга оширилган ишларимиз ҳам талайгина.

Охирги йиллардаги ўзгаришлар ва ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз моделини яратмоқда.

Бундан икки йил олдинги форумда асосан, қилмоқчи бўлган ишларимиз, режаларимиз ҳақида гапирган бўлсак, мана бугун амалга оширилган ишлар ва уларнинг натижалари ҳақида ҳам бемалол фикр алмашишимиз мумкин.

Албатта мазкур натижаларнинг асосий ижрочилари нафақат коррупцияга қарши курашишга масъул идоралар, балки бошқа давлат идоралари ва ташкилотлари, бизнес ҳамжамияти, фуқаролик жамияти институти вакиллари ва кенг жамоатчилик ҳам ҳисобланади.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқидан иқтибос келтирмоқчиман: “Бизнинг жамиятда бу иллатга мутлақо ўрин бўлмаслиги учун қаттиқ курашамиз. Мана шундай принципиал қараш жамиятимиз ҳаётида мустаҳкам қарор топиши учун барчамиз биргаликда қатъий ҳаракат қилишимиз зарур.

Бундан ташқари, Давлат раҳбарининг ҳар йилги мурожаатномасида коррупция қарши курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилиши, ушбу соҳада кўплаб қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши коррупцияга қарши курашиш масаласининг давлат сиёсати даражасида аҳамиятга эгалигини кўрсатиб бермоқда. 

Рухсатингиз билан, ушбу соҳада амалга оширилган ишларнинг айримлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтсам.

Ўтган йилларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмлар яратилганлиги, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш сифатини яхшилаш, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат сиёсатининг муҳим элементлари бўлиб хизмат қилди.

Биринчидан, ўтган йилда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар орқали “қўл” бошқарувидан “автоматик” бошқарув тизимига ўтиш жараёни бошланди.

Хусусан, маъмурий ислоҳотлар натижасида давлат бошқаруви тизимининг энг муҳим бўғини – ижро этувчи ҳокимият янада ихчамлашиб, такрорланувчи функциялар тугатилди. Энг асосийси, бюрократия қисқартирилди.

Иккинчидан, Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий муносабатларининг олдини олишга қаратилган превентив механизмлар яратилди.

Хусусан, Давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.

Шунингдек Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш бўйича «E-Antikorrupsiya» лойиҳаси ишга туширилди.

Учинчидан, Давлат хизматларини кўрсатиш сифати яхшиланиб, ортиқча тартиб-таомиллар қисқартирилди ҳамда электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони оширилди.

Жумладан, 73 турдаги ҳужжат ва маълумотларни аҳолидан талаб қилиниши бекор қилинди.

771 та давлат хизматларининг 360 дан ортиғи Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон кўрсатилмоқда, шу жумладан, 240 дан ортиқ хизматлар тадбиркорлик субъектлари учун мўлжалланган. 59 турдаги давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари қисқартирилди, ушбу хизматлар олдин 30 кундан 90 кунгача муддатда кўрсатилган бўлса, эндиликда 1 кундан
30 кунгача камайтирилди.

Тўртинчидан, Рақамлаштириш орқали “инсон омили”ни камайтириш мақсадида барча соҳаларда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ишлари янада ривожлантирилди. Хусусан, “Рақамли Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштириш билан боғлиқ 369 та лойиҳалар амалга оширилди.

Масалан, иқтисодий соҳада “Лицензия”, “Е-Аукцион”, “YERELEKTRON”, “Шаффоф йўл”, “Шаффоф қурилиш”, “Давлат харидлари электрон тизими” ва бошқа ахборот тизимлари коррупция хавф-хатарларини камайтиришга самарали хизмат қилмоқда.

Бешинчидан, Коррупцияга қарши курашиш соҳасини такомиллаштириш, ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида соҳага тааллуқли 13 та, шунингдек, бошқа соҳалардаги ислоҳотлар натижасида коррупция омилларини қисқартиришга қаратилган 24 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бу борада кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши натижасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва шаффофлик таъминланиб, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлиги оширилди, давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари,

Энди эътиборингизни Бизнесда коррупциянинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чораларга қаратмоқчиман.

Бизнесда коррупциянинг олдини олиш мақсадида ҳалол рақобат муҳитини яратиш, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш, уларнинг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашишга йўл қўймаслик, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

2023 йилда назорат қилувчи органлар томонидан текширувларни келишиш учун киритилган жами 4 703 та буюртмадан 2 399 таси (51 фоизи) келишилган ва қолган 2 304 таси (49 фоизи) текширув ўтказиш учун қонуний асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли рад этилган.

Умуман, тадбиркорлар фаолиятида 2023 йилда амалга оширилган текширувлар сони 2022 йилга нисбатан 26% га камайган.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига салбий таъсир кўрсатаётган амалдаги 15 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш қўшимчалар киритиш ёки бекор қилиш бўйича чоралар кўрилди.

Натижада, суд қарори чиқарилган кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилди, солиқ органларининг солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш бўйича ҳуқуқлари бекор қилинди, инвестиция мажбуриятларини бажарган тадбиркорлик субъектларига
ер участкаларини хусусийлаштиришга рухсат бериш белгиланди.

Хабарингиз бор, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман ҳамкорлигида 2021 йилда “Ўзбекистон бизнесининг коррупцияга қарши курашиш хартияси” қабул қилинган эди. Ўтган даврда 226 та тадбиркорлик субъекти хартия аъзолигига қабул қилинди.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлик фаолиятини қонунийлик, очиқлик ва давлат органлари билан муносабатларда коррупциянинг олдини олиш мақсадида ҳар йили “Ўзбекистон бизнес ҳамжамиятида ҳалоллик” бизнес форумини ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.

Мазкур бизнес форумида юзлаб турли соҳаларда фаолият кўрсатаётган бизнес вакиллари, вазирлик ва идоралар, ОАВ, жамоатчилик ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирок этмоқда.

Кўрилаётган чоралар натижаларини билиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини амалга оширишда коррупция ҳолатларига дуч келиши ҳолатлари бўйича 2 490 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари иштирокида ўтказилган ижтимоий сўровномада аксарият тадбиркорлар коррупцион ҳолатларга дуч келмаётганликларини маълум қилишган, уларнинг фикрича, сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупция даражаси камайган.

Қадрли меҳмонлар!

Маълумки, коррупция ва яширин иқтисодиётнинг энг катта душманларидан бири – бу очиқлик ҳисобланади.

Ўзбекистонда бу борада ҳам сезиларли қадамлар ташланмоқда. Кўрилган чоралар натижасида давлат органлари ўз фаолиятига оид ҳисоботларни, жумладан, бюджет харажати, давлат харидлари, мол-мулкига оид 40 дан ортиқ маълумотларни очиқлаб келмоқда.

Шунингдек, давлат идораларининг очиқлигини таъминлаш мақсадида барча соҳаларда онлайн платформалар имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда. Жумладан:

-норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тизими жорий этилди (regulation.gov.uz);

-давлат бюджети ва қарзи, шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни кўриш ва реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи онлайн платформалар (openbudget.uz, xarid.uzex.uz, etender.uzex.uz) ишга туширилди;

-давлат солиқ хизмати органлари томонидан кўрсатиладиган электрон давлат хизматлари портали (my.soliq.uz) ишга туширилди;

-давлат активларини реализация қилиш, кўчмас мулк, автотранспорт воситалари сотиш, ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини олиш ва бошқа бир қатор масалалар онлайн аукцион савдолари (e-ijro.auksion.uz) орқали олиб борилмоқда;

-судларда кўрилган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари билан онлайн тартибда (decisions.esud.uz) танишиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг қарорларига мувофиқ, Агентликка 24 та йирик ва муҳим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда халқаро молия институтлари томонидан ажратилаётган кредит маблағларидан фойдаланиш жараёнида очиқликни таъминлаш устидан назоратни ўрнатиш вазифаси юклатилган, бўлиб, масъул вазирлик ва идораларда лойиҳаларни амалга оширишда очиқлик таъминланганлиги ўрганиб борилмоқда.

Лойиҳалар ижроси юзасидан алоҳида веб-сайтлар ташкил этилган ҳолда маълумотлар доимий очиқлаб борилмоқда.

Кўрилаётган чоралар натижасида аҳолида коррупцияга қарши муросасиз муҳит пайдо бўлди, ўз ўрнида, Ўзбекистоннинг бу борадаги халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни яхшиланди.

Жумладан, сўнгги икки йилда “Transparency International” нинг Коррупцияни қабул қилиш индексида 19 поғонага, TRACE bribery Matrix индексида 16 поғонага, “World Justice Project” ташкилотининг “Ҳуқуқ устуворлиги” индексида – 2 поғонага кўтарилди.

“Open Data Inventory” Очиқ маълумотлар рейтингида эса Ўзбекистон 70 балл билан жаҳонда  30-ўринни, Марказий Осиёда 1-ўринни эгаллади.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Шу билан бирга, амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамасдан, тан олиб айтиш керак, коррупцияни тўлиқ бартараф этиш учун ҳали жуда кўплаб чораларни кўришимиз керак.

Шу мақсадда биз коррупцияга қарши курашиш бўйича давлатнинг яқин истиқболдаги сиёсатини белгилаб берувчи 2030 йилгача мўлжалланган Миллий стратегияни ишлаб чиқяпмиз.

Мазкур миллий стратегияда коррупцияга қарши курашиш борасидаги мавжуд тенденциялар таҳлил қилиниб, соҳада сақланиб қолаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари  бўйича устувор вазифалар белгиланади.

Иккинчидан, “Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси”ни жорий этиш устида иш бошладик.

Ушбу академия онлайн платформа кўринишида бўлади ва давлат хизматчилари, аҳоли ҳамда бизнес вакиллари учун махсус курслардан иборат бўлади.

Учинчидан, Бизнес соҳасида коррупцияни олдини олиш чораларни кучайтирамиз, хусусан, бизнес секторда комплаенс назорат тизимини жорий этиш, бизнесда ҳалоллик стандартларини ишлаб чиқиш, барча тадбиркорлар учун тенг рақобат муҳитини яратишга қаратилган механизмларни яратишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Тўртинчидан, Хуфёна иқтисодиётни қисқартириш, “ҳалол” тадбикорларни рағбатлантириш, тадбиркорларга масофавий шаклда кўрстатиладиган давлат хизматлари сонини янада кенгайтириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириб борамиз. Мана бугун Президентимиз Хорижий инвесторлар Кенгаши мажлисида инвесторлар билан давлат органлари ўртасидаги барча хизматларни амалга ошириш учун мукаммал электрон платформа ишлаб чиқилиши ва амалиётга кенг жорий этилишини айтиб ўтдилар. Бу ҳам бизнесда коррупция ва бюрократияни қисқартириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлади.

Албатта, бу якуний ёки ўзгармас йўналишлар эмас. Уларни кундан кунга такомиллаштириб, янгилаб, халқимизга фойдаси тегиш ёки тегмаслик призмаси орқали саралаб бормоқдамиз. Ҳали бу ғояларни халқаро ва ҳамкор ташкилотлар таклифлари асосида бойитамиз ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этамиз.

Ва бу борада ўйлайманки, бугунги тадбирда иштирок этаётган нуфузли экспертлар ҳам бизга ўзларининг кўмакларини бериб боришларига умид билдириб қоламан.

Халқаро медиа-холлда бўлиб ўтган “Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги: Ўзбекистон тажрибаси ва хориж амалиёти” мавзусидаги давра суҳбатида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхановнинг маърузаси

20 Октябрь 2021

Мамлакатимизда давлат бошқарувига очиқликни жорий этиш, ахборотларнинг умумфойдаланиш учун очиқлик ҳолати, маълумотларнинг ошкоралик ва сифат даражасини халқаро талабларга мувофиқлаштириш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда қонун устуворлигини таъминлаш, очиқлик ва ошкоралик тамойилларининг таъсирчан шаклларини жорий этиш, давлат ҳокимияти органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш бўйича бошлаган ишлар ортга қайтмас тус олган.

Сўнги йилларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, бюрократия ва коррупциянинг турли кўринишларига қарши курашиш мамлакатимизда давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.

Бунинг яққол мисоли сифатида сўнгги йилларда соҳага оид қабул қилинган концептуал аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупциянинг олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши мазкур соҳада бошлаган ислоҳотларимизнинг ўзига хос ҳуқуқий пойдевори бўлган бўлса, “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармонлари коррупциянинг барвақт олдини олишга қаратилган муҳим концептуал ҳужжатлар сифатида хизмат қилмоқда.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун очиқ бўлиши, улар билан кундалик фаолиятида яқин мулоқот ва ҳамкорлик ўрнатишига қаратилган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ва  “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунлар ва “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари барча тоифадаги мансабдорларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатига кенг жамоатчилик ҳамда халқ кўзи билан баҳо бериш имконини яратди.

Ўтган қисқа вақт давомида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини оммавий муҳокама қилиш, давлат бюджети ва қарзи, шунингдек, давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларни кўриш ва реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи онлайн платформалар ишга туширилди. Очиқ маълумотлар портали фаолияти сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилгани, Ягона интерактив давлат хизматлари портали, электрон лицензиялаш тизими ва “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар портали фаолияти йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, ҳукумат очиқлиги соҳасида 2021 - 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар соҳасини ривожлантириш Концепцияси қабул қилинганини алоҳида қайд этиш лозим.

Юқоридаги қонунчилик ва маъмурий соҳаларда амалга оширилган тизимли ислоҳотларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон 2020 йил якунларига кўра “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага кўтарилиб, 44-ўринни эгаллади. Бунда давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги 20 та йўналиш бўйича кўрсаткичларни ошкор қилиб бориш амалиёти жорий этилгани ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Соҳадаги сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг узвий ва мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Фармон билан амалдаги қонунчилик ҳужжатларида мавҳум бўлган муаммоли масалалар тўлиқ ўз ечимини топди.

Мисол учун, Фармон билан ҳар бир давлат органи ва ташкилоти очиқ эълон қилиб бориши лозим бўлган маълумотларнинг рўйхати тасдиқланди.

Ҳужжатда очиқ ахборот тури, жойлаштириладиган ресурси, тақдим этиш ва янгилаш муддати ҳамда уларни жойлаштириш учун масъул давлат органлари ва ташкилотлари аниқ белгилаб берилди.

Яна бир жиҳат, шу кунгача ҳам давлат ҳокимияти бошқарув органларининг очиқлиги тўғрисидаги норматив ҳужжатлар мавжуд бўлган. Аммо улардаги нормаларни ҳаётга татбиқ этишга масъул ёки уни бажариш талабларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи очиқ қолаверган. Бу эса қонунчилик ҳужжатининг ҳаётга тўлиқ жорий этилишига салбий омил бўлиб хизмат қилиб келган.

Шунга мувофиқ, мазкур йўналишдаги қонунчилик ҳужжатларининг ижроси устидан назорат Коррупцияга қарши курашиш агентлигига қўшимча вазифа сифатида юклатилиб, Агентлик таркибида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бошқармаси ташкил этилди.

Бошқарма зиммасига соҳадаги фаолиятни мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқ маълумотлар рўйхатини узлуксиз тўлдириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш чораларнинг ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши, оммавий ахборот воситалари орқали давлат органлари ва ташкилотлари хизматчиларига «давлат органлари фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва ҳисобдорлиги» маданиятини сингдириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Ўтган даврда Агентлик томонидан соҳа ва ҳудудлар кесимида Президент Фармонида белгилаб берилган вазифа ва ваколатлардан келиб чиқиб, муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан, мутахассислар томонидан барча ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар, давлат органлари ва ташкилотлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари иштирокида Фармоннинг мазмуни ва аҳамияти, шунингдек унда ҳудудий органларга белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган кенг кўламли  тушунтириш ишлари ўтказилди. 

Бундан ташқари, Агентлик томонидан вазирлик ва идораларнинг Президент Фармонида белгиланган мажбуриятларни ижро ҳолати мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда.

Жумладан, Фармон талабларига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимликлари маҳаллий бюджетларнинг ҳар чорак якунида шакллантириладиган даромадлар ва харажатлар сметаси, режадан орттирилиб бажарилган қисми ҳамда мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотларни расмий веб-сайтларига жойлаштириш вазифаси белгиланган.

Ўрганиш давомида айрим маҳаллий ҳокимликлар томонидан юқоридаги маълумотлар қисман очиқланиши таъминланган бўлса, айрим ҳудудий ҳокимликлар мазкур мажбуриятларини умуман бажармагани аниқланган.

Мониторинг натижаси бўйича Агентлик томонидан маълумотларни очиқланишини таъминламаган 13 та маҳаллий давлат ҳокимликларига тақдимномалар киритилди.

Ёки, жорий йилнинг октябрь ойи ҳолатига ўтказилган  мониторинг натижалари бўйича 230 та вазирлик ва идораларнинг  121 таси хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари ҳақидаги маълумотларни ўз расмий веб-сайтларига жойлаштирмагани аниқланди.

Шу каби, Республикадаги  119 та давлат органи ва ташкилоти ўз  тасарруфидаги хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотларни Очиқ маълумотлар порталига ўз вақтида жойлаштирилишини таъминламаган бўлса, 48 таси Порталда шахсий кабинет ҳам очмаган.  

 Таъкидлаш керакки, Агентлик томонидан ўтган давр давомида давлат харидлари соҳасини ўрганиш натижалари бўйича аниқланган коррупциявий ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқарувчи омиллар чуқур таҳлил қилиниб, шу каби қонунбузилишларни олдини олишга қаратилган муҳим таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Бунда, асосий эътибор соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек, ахборот коммуникация воситаларини фаолиятга кенг тадбиқ этиш устивор вазифа сифатида белгилаб олинган.

Масалан, тадбиркорлик субъектларидан билдирилган ҳақли эътирозлар асосида, Агентлик томонидан қурилиш соҳасида давлат харидлари амалга оширилаётган “tender.mc.uz” электрон портали фаолияти ўрганиб чиқилди.

Ўрганишда портал фаолияти давлат харидларига оид қонунчилик талабларига мос бўлмаган ҳолда, оферентнинг савдодан четлатилиши асослари ва иштирокчиларни баҳолаш методикаси Қурилиш вазирлигининг ёпиқ шаклда қабул қилган ҳужжати асосида амалга оширилиб келинаётганлигини маълум бўлди.

Ўрганиш якунлари бўйича Агентлик томонидан давлат харидлари, шу жумладан қурилиш соҳасидаги 10 га яқин қонун ва қонуности ҳужжатларини такомиллаштириш ёки янгиларини ишлаб чиқиш, шунингдек, 34 та тизимдаги такомиллаштириш ва мавжуд ахборот базаларини интеграция қилиш орқали инсон омилини йўқ қилишга қаратилган асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилди.

Эндиликда Агентлик томонидан очиқликни таъминлаш бўйича белгиланган талабларнинг ижросини мониторинг қилиш тизимлаштирилади. Бунинг учун биз масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда, Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методикани ишлаб чиқдик.

Унга кўра, ҳар йили якуни бўйича давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг очиқликка оид мажбуриятлари умумий 10 га яқин индикаторлар асосида баҳоланиб, йил якунига кўра Очиқлик рейтинги эълон қилинади.

Очиқлик даражаси энг юқори деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласини ҳал этиш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Энг асосийси, Рейтинг у ёки бу давлат органи ва ташкилотининг очиқлик даражасини жамоатчилик учун яққол кўрсатиш имконини беради.       

Шунингдек, Очиқ жойлаштирилиши керак бўлган маълумотлар кўламини кенгайтириш борасида Буюк Британия, Франция, Россия, Словения, Сингапур ва Қозоғистон каби ўнга яқин ривожланган хорижий мамлакатларнинг бу борадаги ижобий иш тажрибаси ўрганилиб, амалиётга тадбиқ этиш чоралари кўрилмоқда.

Масалан, «автомобил тарихи» тўғрисидаги маълумотларни автомототранспорт воситасининг давлат рақами белгиларини киритиш орқали аниқлаш электрон интерактив хизматини жорий этиш режалаштирилган. Бу иккиламчи бозорда автотранспорт олди-сотди жараёнларида турли ноқонуний хатти-ҳаракатларни олдини олишга хизмат қилади.

Ёки, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб давлат фуқаролик хизматига очиқ танлов асосида ишга қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилди. Яъни, давлат органи ва ташкилоти эндиликда ходимларни ишга қабул қилишдан олдин вакант лавозимларга танлов эълон қилиниши ҳақида расмий манбалар орқали хабар бериши, саралаш жараёнларини очиқ ўтишини таъминлаши лозим. Бу йўналишда ҳам ҳали олдимизда кўплаб қилиниши лозим бўлган ишлар турибди.

Яна бир муҳим жиҳат. Агар очиқлик соҳасида кескин ўзгаришларга эришишни истасак, албатта халқаро ташкилотларга аъзо бўлиш орқали умумэътироф этилган стандартлар талабларини бажаришимиз лозим. Шундагина демократия, коррупция, инвестиция, сўз эркинлиги даражаларини белгиловчи қатор нуфузли рейтинг ва индекслар ўз позицияларимизни янада яхшилаймиз.

Шу боисдан, ҳозирда “Очиқ Ҳукумат ҳамкорлиги” халқаро ташкилотига Ўзбекистон Республикасининг аъзо бўлиш имкониятлари ўрганилмоқда. Шу муносабат билан, халқаро экспертлар ҳамда мазкур ташкилот мутахассисларига юртимизда сўнгги йилларда мазкур йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида маълумот бердик ва қатор музокаралар ўтказилди.

Ўйлайманки, мамлакатимизда очиқликни таъминлаш борасида қабул қилинган қонунчилик ҳужжатлари ва амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар натижаси “Очиқ Ҳукумат ҳамкорлиги” халқаро ташкилоти томонидан амалдаги асосий мезонларни янгиланган натижаларида Ўзбекистон позициясини бир неча баробар яхшилаш имконини беради.

Сўзимнинг якунида очиқликни таъминлаш соҳасида ҳозир сўзга чиқувчи спикерлар раҳбарлигида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилаётганини таъкидламоқчиман. Чунки, ушбу соҳа нафақат коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ, балки ОАВлар билан ишлаш, молиявий шаффофликни таъминлаш, қонунчиликни такомиллаштириш, ҳаттоки фуқаролар мурожаатлари билан ишлашдаги самарадорлик билан ҳам баҳоланади.

Ўйлайманки, келгусида ҳам ушбу йўналишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, ҳамкорликни давом эттирамиз. 

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида Жамоатчилик кенгаши олдидаги ҳисоботига бағишланган матбуот ажуманидаги тезиси

10 Март 2022

Ассалому алайкум. Ҳурматли тадбир иштирокчилари.

2021 йили Агентлик томонидан коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, коррупциянинг олдини олиш ва ушбу жиноятларга қарши жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича бир қатор муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–6257-сон Фармони имзоланди. Унга кўра, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жазо чоралари кучайтирилиб, жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар ўрнатилиши белгиланди.

2021 йил 16 июнда “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6247-сон Фармон билан ҳар бир муассасанинг бажарган ва бажармоқчи бўлган ишлари, молиявий ҳолати, тасарруфидаги мол-мулклари, умуман, солиқ тўловчилар билиши лозим бўлган барча маълумотларни очиқлаш талаби қўйилди.

Шунингдек, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунга муҳим янгиликлар киритилди: 2022 йилнинг 1 январдан бошлаб, барча давлат харидлари (энг яхши таклифларни танлаш ва тендер харид қилиш) тартиб-таомилларини мажбурий тартибда электрон шаклда ўтказилиши жорий қилинди. Инсофсиз ижрочиларнинг ягона реестрига киритилган субъектларнинг давлат харидларида иштирок этишини чеклаш муддати уч йилдан икки йилгача қисқартирилди.

2021 йилда Республика бўйича жами 5483 нафар шахсга нисбатан 3769 та коррупцияга оид жиноят ишлари кўриб чиқиш учун тегишли тартибда судларга юборилган. 2020 йил билан таққослаганда судга юборилган жиноят ишлари сони 2621 тага, жавобгарликка тортилган шахслар сони эса 3 760 тага ёки 218 фоизга кўпайган.

Коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2020 йилда 500 млрд. 102 млн сўмлик моддий зарар етказилиб, 355 млрд сўм ёки 71,0 фоиз ундирилган бўлса, 2021 йилдаги моддий зарар миқдори 1 трлн. 282 млрд.ни ташкил этиб, 887 млрд. сўми ёки 69,1 фоизи ундирилган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йилда жами 4901 та (493 таси дубликат) мурожаат келиб тушган бўлиб, барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиши таъминланган. Шундан 107 та мурожаат Агентлик раҳбарияти томонидан ташкил этилган шахсий ва сайёр қабулларда келиб тушган. 

Мурожаатларнинг 258 таси ижобий ҳал этилган, 1163 та мурожаатга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар бериш орқали қаноатлантирилган, 2 та ташаккурнома, 2 та мурожаат фуқаронинг аризасига асосан кўрмасдан қолдирилган, 117 та мурожаат аноним деб топилган, 43 та мурожаат маълумот учун қабул қилинган, 158 та такрорий мурожаат кўриб чиқилиши белгиланган тартибда тугатилган, 3158 та мурожаат тааллуқлилиги бўйича тегишли вазирлик ва идораларга йўналтирилган.

2021 йилда Агентлик томонидан  “Коррупциясиз соҳа”, “Коррупциясиз ҳудуд” лойиҳалари, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида ҳудудлар ва соҳалар кесимида 50 дан ортиқ ўрганишлар ўтказилди. Шунингдек, қурилиш соҳасидаги жами 461,3 млрд. сўмлик қийматдаги давлат харидлари юзасидан 59 та қурилиш объектларида ўрганиш ўтказилди.

Аниқланган коррупция ҳолатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим қилиниши орқали жами 49 та жиноят иши ва 24 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиши таъминланди.

Давлат харидлари соҳасида 2021 йилда ўтказилган масофавий мониторингда бюджет буюртмачилари томонидан қиймати 145,3 млрд сўмлик 452 та танловда “Давлат харидлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги Қонунларнинг талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аниқланиб, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилишга қаратилган 372 та тақдимнома киритилди ва танловлар бекор қилиниб, бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги 5177-сон Қарорига мувофиқ, Агентлик давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этиш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш вазифасини амалга ошириб келмоқда.

Бугунги кунга келиб, 88 та давлат ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари жорий  этилган бўлса, 52 тасида тўлиқ йўлга қўйилмаган.

Агентлик томонидан коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ва коррупцияга қарши курашиш фаолиятини ташкил этишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган 34 та  тақдимнома киритилган.

Агентлик маҳаллий давлат ҳокимликлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни расмий веб-сайт ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштириб борилишига оид мажбуриятларга риоя қилинишини ўрганиб, таҳлил қилди.   

Ана шундай ўрганишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Бухоро, Жиззах ва Навоий вилоят ҳокимликлари томонидан маҳаллий бюджет маблағларининг режадан орттириб бажарилган қисми ва мазкур маблағлар йўналтирилган мақсадлар тўғрисидаги маълумотлар камчиликларга йўл қўйилган ҳолда қисман очиқланиши таъминланган бўлса, Тошкент, Хоразм, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари мазкур мажбуриятларни умуман бажармаганлиги аниқланган.

Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларнинг белгиланган тартибда очиқланишини таъминламаган 13 та вилоят ҳокимликлари қонунбузилиши ҳолатларини бартараф қилиш ҳақида расман огоҳлантирилган.

Агентлик томонидан 2021 йил давомида  ҳамкорликка оид 10 та халқаро ҳужжат (меморандум, ҳамкорлик дастурлари) имзоланди.

Жумладан, Агентлик ҳамда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва Жиноятчилик бўйича бошқармаси ўртасида ҳамкорликда амалга оширадиган тадбирлар Режаси доирасида Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини шакллантириш методологиясини ишлаб чиқиш, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши фаолиятини такомиллаштириш юзасидан халқаро экспертлар кўмагини жалб этиш, фуқаролик жамияти институтлари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича ижтимоий тадқиқотларни ташкил этиш юзасидан тренинглар ташкил этиш ва шу каби бошқа лойиҳаларда ҳамкорлик амалга оширилди.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ишлаб чиқилди ва 2021 йил 1 январдан реал вақт режимида республиканинг барча ҳудудларида тўлиқ ишга туширилди. Бундан ташқари, қурилиш соҳасида ўтказиладиган давлат харидларида коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қурилиш соҳасидаги танлов(тендер)лар ўтказиш учун tender.mc.uz” электрон портали яратилди.

Мазкур платформа ёрдамида 2021 йил давомида 15,45 трлн. сўмлик тендерлар ўтказилиб, қурилиш-пудрат ташкилотлари билан 14,26 трлн. сўмлик шартномалар тузилди ва лойиҳаларнинг бошланғич қийматига нисбатан 1,19 млрд сўм ёки 8 фоиз бюджет маблағлари иқтисод қилинди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар юзасидан Агентлик директорининг ахбороти

19 Март 2022

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган ислоҳотлар натижасида давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминловчи  механизмлар, шунингдек, жамоатчилик назорати институти ҳаётга самарали жорий этила бошланди.

Хусусан, 2021 йилнинг 16 июнида давлатимиз раҳбари томонидан “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида давлат идоралари фаолияти янада очиқлигини таъминлаш, бу орқали натижасида коррупциявий омиллар ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи аниқ тартиблар белгиланди.

Мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб, Агентлик томонидан вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан очиқ маълумотларни расмий веб-сайтда ҳамда Очиқ маълумотлар порталида жойлаштирилиши ҳолати мунтазам ўрганиб келинмоқда.  

Мисол учун, давлат органлари ва ташкилотлари ҳар йили 1 мартга қадар ўз фаолиятига оид ҳисоботни расмий веб-сайтига жойлаштириб, 10 мартга қадар уни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш жойи ва вақти ҳақида хабар бериши керак.

Мониторинг қилинган 135 та давлат органлари ва ташкилотларининг  93 таси 2021 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботни эълон қилмаган бўлса, 126 таси  матбуот анжуманининг ўтказилиш жойи ва вақти ҳақида ҳанузгача ўз расмий веб-сайтига маълумот жойлаштирмаган.

Бундан ташқари, барча давлат органлари ва ташкилотлари ўзларининг давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларини ҳар чоракда эълон қилиб боришлари талабининг  ижроси 4-чорак учун ўрганилганда уларнинг 80 таси ушбу маълумотларни ўз вақтида белгиланган ресурсларда жойлаштирмагани аниқланди.

Ёки, хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари бўйича ҳисоботларни  88 та идора  ўз вақтида очиқламагани маълум бўлди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг 2021 йил 1 декабрдан 2022 йил 10 январь кунига қадар ўтказилган сессияларнинг маҳаллий телеканаллар ёки Интернет тармоғида трансляция қилиниши ўрганилганда республика бўйича жами (туман ва шаҳар кенгашлари билан бирга) 585 та сессиялар ўтказилган бўлса, уларнинг 226 таси трансляция қилинмаган. Бу борадаги энг салбий кўрсаткичлар Бухоро ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси хиссасига тўғри келади.

Фармон ижроси ҳолати маҳаллий давлат ҳокимияти органлари кесимида ҳам таҳлил қилинди. Очиқ эълон қилиниши лозим бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати бўйича маҳаллий ҳокимликлар зиммасига жами 13 та тоифадаги ахборотларни ўз расмий веб-сайтида ҳар чоракда эълон қилиш ва даврий янгилаб бориш тартиби белгиланган.

Бироқ, 2021 йил якунлари бўйича мазкур талабларга риоя қилиниши ўрганилганида жами 95 та ҳолатда қонунчилик талаблари бузилишига, соддароқ қилиб айтганда ушбу маълумотлар ҳокимликлар расмий веб-сайтида умуман эълон қилинмаганлиги аниқланди.

Туман ва шаҳарлар кесимида эса 204 та туман ва шаҳар ҳокимликларидан 43 тасида (20 фоизи) расмий веб-сайти ишчи ҳолатда эмаслиги, фаолият кўрсатаётганларида ҳам маълумот узоқ вақт давомида янгиланмай келинаётганлиги аниқланди.

Аниқланган қонунбузилишларни бартараф қилиш бўйича вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига Агентлик томонидан 26 та тақдимнома ҳамда 35 та огоҳлантириш хатлари киритилди.

Жойларда учраётган бу каби муаммоларнинг ечими сифатида маълум бир ҳудудни танлаб олиб, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини намунавий ташкил этишга киришилди. Шу мақсадда Фарғона вилоятида «Очиқ, шаффоф ва ҳисобдор ҳудуд» лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Бунинг учун тегишли “Йўл харитаси” лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтида жойлаштирилди.

Эндиликда вилоятда коррупцияга қарши курашиш, шу жумладан, фаолият очиқлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган ишлар юзасидан жамоатчилик эшитувлари ўтказилади. Ишлар самарадорлигини баҳолашда маҳаллий депутатлар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари ҳам жалб қилинади, шунингдек, ўзини-ўзи баҳолаш тизими йўлга қўйилади.

Бошқа бўлимлар