VI Тошкент аксилкоррупция форуми бўлиб ўтди
Пойтахтимизда “Коррупцияга қарши бошқарувнинг янги архитектураси: самарали превентив чоралар сари” шиори остида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги нуфузли халқаро тадбир — VI Тошкент аксилкоррупция форуми бўлиб ўтди.
Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур Форум нафақат ўзаро тажриба алмашиш ва муҳокама майдони, балки коррупцияга қарши курашишда минтақавий ва глобал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, адолатли ва шаффоф жамият қуришга қаратилган муҳим халқаро платформага айланди.

Бу йилги форум Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши томонидан Осиё тараққиёт банки, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Европа Иттифоқи ҳамда БМТ Тараққиёт дастури каби бир қатор халқаро ҳамкорлар кўмагида ташкил этилди.
Мазкур Форумнинг иштирокчилари сон ва географик жиҳатдан тобора кенгайиб бормоқда. Жумладан, жорий йилда Япония, Гонконг, Озарбайжон, Сингапур, Тимор ороллари, Қирғизистон, Саудия Арабистони, Жанубий Корея, Малайзия, Эстония, Бутан, Кук ороллари, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Монголия, Литва, Латвия, Шри Ланка, Камбоджа, Непал ва бошқа мамлакатларнинг аксилкоррупция идоралари раҳбарияти ва вакиллари жамланди.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европа Иттифоқи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Transparency International ҳамда “Минтақавий мулоқот” халқаро ташкилотлари, АҚШ давлат департаменти, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги, Конрад Аденауэр фонди ҳамда БМТ тузилмаларининг етакчи экспертлари, парламент аъзолари, давлат органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этди.

Бу йилги Форум дастуридан юқори даражадаги пленар сессия, шунингдек, институционал очиқлик ва ҳисобдорлик, марказий ва маҳаллий даражада коррупциянинг олдини олиш механизмлари, коррупцияга қарши таълим ва жамоатчилик иштирокини кучайтиришга бағишланган учта тематик муҳокамалар ўрин олди.
Асосий маърузачилар — Эстониянинг Электрон бошқарув академияси вакили Ханнес Асток ҳамда Литва Махсус тергов хизмати вакили Эгидиюс Радзевичюс рақамли интеграция ҳисобдорликни таъминлашнинг энг самарали воситаси экани ҳақида фикр билдирди. Озарбайжон ва Япония экспертлари эса институционал очиқлик коррупция хавфи юқори бўлган жараёнларда “инсон омили”ни бартараф этишнинг таъсирчан механизми эканини таъкидлади.

Гонконг, Сингапур, Саудия Арабистони ва Малайзия давлатларининг аксилкоррупция идоралари вакиллари жамоатчилик билан ҳамкорлик ва коррупцияга қарши таълим бўйича илғор моделларни тақдим этди. Муҳокамалар мобайнида ижтимоий шериклик ва аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтириш коррупциявий иллатларга нисбатан барқарор жамиятни шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканига алоҳида урғу берилди.

Муҳокамаларда, шунингдек, юқори даражадаги стратегияларни ҳудудларда амалиётга татбиқ этиш масалаларига эътибор қаратилиб, маҳаллий бошқарув тизими учун мослаштирилган самарали профилактика механизмларини ишлаб чиқиш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, Форум доирасида Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда аёллар етакчилигидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, вазирлик ва идоралар, олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари вакиллари, шунингдек, ижтимоий фаоллар иштирокида “Коррупцияга қарши чораларга гендер ёндашувни жорий этиш” мавзусида амалий тренинг ташкил этилди.

Форум доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти ҳамда Бутан Қироллиги Коррупцияга қарши курашиш комиссияси раиси Пема Чоден, шунингдек, Мўғулистон Коррупцияга қарши мустақил идораси директори Зандраа Дашдаваа билан икки томонлама учрашувлар ўтказилди.

Учрашувлар давомида коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилиниб, муҳим келишувларга эришилди.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, бу йилги Форум ҳафтаси доирасида мамлакатимиз илк бор Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатлари Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари тармоғи (AP LEN) йиғилишига мезбонлик қилди.

Йиғилишда интерактив сессиялар ва қўшма муҳокамалар орқали порахўрлик ва коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ҳамда жиноий таъқиб этиш соҳасида ўзаро тажриба алмашилди. Мазкур йўналишларда умумий муаммолар кўриб чиқилиб, инновацион ёндашув ва ечимлар муҳокама қилинди.

Айтиш жоиз, ўтган йилги аксилкоррупция форумида муҳокама қилинган “Марказий Осиёда минтақавий коррупцияга қарши чора-тадбирларни кучайтириш ва ҳамкорликни ривожлантириш” резолюцияси 2025 йил декабрдаги БМТ Коррупцияга қарши конвенцияси иштирокчи-давлатлар конференциясининг 11-сессиясига Ўзбекистон томонидан киритилди ва қабул қилинди. Бу йил ҳам муҳокамалар, таклиф ва тавсиялар асосида VI-Тошкент аксилкоррупция форуми декларацияси қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
13.05.2026