Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг қўшма қарори билан “Йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш тартиби тўғрисида”ги Йўриқнома тасдиқланди.
Мазкур Йўриқнома қиймати камида 50 млн АҚШ доллари эквивалентидаги молиявий ресурслар жалб этилган ҳолда амалга ошириладиган, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга объектлар, хизматлар ёки бошқа инфратузилмани яратиш, кенгайтириш ёхуд модернизация қилишга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаларига нисбатан татбиқ этилади.
Йўриқнома талабларига мувофиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилмаган ҳамда рақобат муҳитига таъсири баҳоланмаган лойиҳани тасдиқлашга ёки амалга оширишнинг кейинги босқичига ўтказишга йўл қўйилмайди.
Лойиҳалар қуйидаги босқичларда мажбурий тартибда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади:
- лойиҳа ташаббуси босқичида;
- давлат хариди босқичида;
- амалга ошириш босқичида.
Йўриқнома билан йирик инвестиция лойиҳасида коррупциявий хавфларни аниқлаш бўйича (30 та саволдан иборат) чеклист ҳамда йирик инвестиция лойиҳасининг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш бўйича (16 та саволдан иборат) чеклист тасдиқланди.
Коррупцияга қарши экспертиза давлат органлари ва ташкилотларининг коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари томонидан ўтказилади.
Лойиҳанинг коррупциявий хавф даражаси экспертиза натижаларига кўра қуйидагича таснифланади:
▫️ юқори хавф – 10 та ва ундан ортиқ коррупциявий омил аниқланган тақдирда;
▫️ ўртача хавф – 5–9 та коррупциявий омил аниқланган тақдирда;
▫️паст хавф – 1–4 та коррупциявий омил аниқланган тақдирда;
▫️коррупциявий хавф аниқланмаган – коррупциявий омил мавжуд бўлмаган тақдирда.
Лойиҳанинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш коррупцияга қарши экспертиза билан бир вақтда ёки ундан сўнг амалга оширилади.
Баҳолаш коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари ва (ёки) монополияга қарши комплаенс тизими жорий этилган давлат органлари ва ташкилотларида монополияга қарши комплаенс бўйича масъул ходимлар томонидан ўтказилади.
Лойиҳанинг рақобат муҳитига таъсири бўйича хавф даражаси баҳолаш натижаларига кўра қуйидагича таснифланади:
▫️ юқори хавф – 4 та ва ундан ортиқ рақобатни чеклаши мумкин бўлган омил аниқланган тақдирда;
▫️ўртача хавф – 2–3 та рақобатни чеклаши мумкин бўлган омил аниқланган тақдирда;
▫️ паст хавф – 1 та рақобатни чеклаши мумкин бўлган омил аниқланган тақдирда;
▫️хавф аниқланмаган — рақобатни чеклаши мумкин бўлган омил мавжуд бўлмаган тақдирда.
Экспертиза ва баҳолаш натижалари бўйича хулосалар ҳамда чеклистлар лойиҳани маъқуллаш ёки молиялаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколати берилган давлат органлари ва ташкилотларида коллегиал тартибда ўтказиладиган йиғилишларда мажбурий тартибда кўриб чиқилади.
Экспертиза ва баҳолаш хулосалари кўриб чиқилмасдан туриб, лойиҳани маъқуллаш, молиялаштиришни тасдиқлаш ёки келишув тузишга йўл қўйилмайди.
Экспертиза ёки баҳолаш натижалари бўйича салбий хулоса берилган бўлса, хулосаларда кўрсатилган камчиликлар бартараф этилмасдан лойиҳани маъқуллашга йўл қўйилмайди.
Камчиликлар бартараф этилганидан кейин лойиҳа қайта коррупцияга қарши экспертизадан ва (ёки) рақобат муҳитига таъсирини қайта баҳолашдан ўтказилади.
Йўриқноманинг тўлиқ матни билан бу ерда танишиш мумкин.
11.05.2026