Жорий йилнинг 24 сентябрь – 4 октябрь кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг АҚШ Давлат департаментининг Халқаро лидерлик дастури (International Visitor Leadership Program) доирасида АҚШга хизмат сафари амалга оширилди.
Маълумот учун: International Visitor Leadership Program (IVLP) — АҚШ Давлат департаментининг профессионал алмашинув дастури бўлиб, бутун дунё мутахассисларининг АҚШга қисқа муддатли ташрифлари орқали давлатлараро турли йўналишларда тажриба ва фикр алмашиш, учрашувлар ўтказиш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлашни ўз ичига олади.
Сафардан кўзланган асосий мақсад АҚШнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича қонунчилик, суд-ҳуқуқ ва меъёрий-ҳуқуқий базаси билан танишиш, фирибгарлик, суиистеъмоллик ва коррупция ҳолатлари, шу жумладан, мол-мулк ва даромадларни декларациялаш билан боғлиқ ишларни тергов қилиш ва жиноий жавобгарликка тортиш тизимини ўрганиш, ҳукуматнинг очиқлик ва шаффофликни оширишга қаратилган фаолияти юзасидан тажриба алмашиш, давлат бошқарувида коррупция ва одоб-ахлоқ қоидалари бўйича жамоатчиликни хабардор қилиш дастурлари билан танишиш бўлди.
Сафар давомида Вашингтон штати АҚШ Давлат департаменти, АҚШ ҳукумати Ҳисоб палатаси (GAO), Давлат этикаси идораси (ОGЕ), Молия департаменти, Адлия департаменти, Мериленд штатининг Ахлоқ комиссияси, Давлат сиёсати бўйича ҳамкорлар (Public Policy Partners) лоббистлик идораси, Хабар берувчилар миллий маркази, Массачусетс штатининг Бош Инспектор идораси (OGI), Boston Globe газетаси, Common cause лоббистлик идораси ва бошқа қатор идоралар вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, икки мамлакат масъул идоралари ўртасида соҳада яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, шу жумладан, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Вашингтон шаҳрида масъул идора ва ташкилотлари билан бўлиб ўтган учрашувлар мобайнида АҚШда коррупцияга қарши курашишда олиб борилаётган чора-тадбирлар ва ташаббуслар, жумладан, федерал шартномалар, грантлар ва кредитлар каби маълумотларнинг очиқ эълон қилиниши, солиқ тўловчиларнинг пулларини тежашга қаратилган текширувларни олиб борилиши, жиноий даромадлар ва ноқонуний активларни аниқлаш ва уларни қайтариш, бунда турли давлатларнинг тегишли идоралари билан ҳамкорлик қилиш, қолаверса АҚШда одоб-ахлоқ стандартлари, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мезонлари, совға олиш тартиблари сингари масалаларда тажриба алмашилди.
Шунингдек, ҳар бир давлат хизматчиси ишга қабул қилиш жараёнида махсус ахлоқий тайёрловдан ўтказилиши ва улар учун қўлланма тақдим этилиши, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилиниши ҳамда мазкур мамлакатда лоббистлик фаолиятининг тартибга солиниши ва бошқарилиши тўғрисида маълумот тақдим этилди.
2-3 октябрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Массачусетс штати масъул идора ва ташкилотлари вакиллари билан профессионал учрашувлари ташкил этилиб, учрашувлар доирасида судьялар этикаси, коррупция содир этган давлат амалдорларини жиноий жавобгарликка тортишнинг самарали усуллари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашда оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг ўрни юзасидан АҚШ тажрибаси ўрганилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
10.10.2023