Экспертлик гуруҳи аъзолари Давлат дастури лойиҳасига ўз таклифларини билдиришди
Жорий йилнинг 18 октябрь куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Экспертлик гуруҳи аъзоларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилиш кун тартибидан Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури лойиҳасини муҳокама қилиш ўрин олди.
Дастлаб Агентлик масъул ходими томонидан давлат дастури лойиҳаси юзасидан тақдимот қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳани тайёрлаш учун Агентлик, масъул вазирлик ва идоралар ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳи ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан кенг жамоатчилик, идоралардан келиб тушга 100 дан ортиқ таклифлар кўриб чиқилди ва давлат дастури лойиҳаси тайёрланди.
Йиғилишда Экспертлик гуруҳи вакили Х.Турсунбеков коррупцияга қарши курашиш борасида илмий доира вакиллари имкониятларидан кенг фойдаланиш, уларнинг ресурсларини бирлаштириш ва мувофиқлаштириш, доимий равишда малакасини ошириб бориш бўйича таклифини билдирди.
Шунингдек, Экспертлик гуруҳи аъзоси Ф.Примов Коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлигини аниқлаш ва ошириш мақсадида тизимли равишда ижтимоий тадқиқотлар ва сўровлар ташкил этиб бориш, “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаларини ижросини давом эттириш бўйича ўз фикрларини билдирди.
Тадбирда Экспертлик гуруҳи аъзоси Л.Стайшюнайте мактабгача ва мактаб таълими соҳасида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга ошириш бўйича лойиҳадаги таклифни қўллаб қувватлаган ҳолда, лойиҳани амалга ошириш жараёнларида жамоатчилик иштирокини таъминлашга эътибор қаратиш кераклигини айтиб ўтди.
Муҳокамалар давомида лойиҳада белгиланган вазифалар ва уларни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш лозимлиги ҳамда мазкур жараёнда экспертлик гуруҳи аъзолари ҳам фаоллик кўрсатиши лозимлиги таъкидланди.
18.10.2023