Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган Давлат дастури ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар 18 январь куни Агентлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда академик доира вакилларидан иборат Экспертлар гуруҳи аъзолари иштирокида муҳокама қилинди.
Йиғилишда академик доира вакиллари, Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси, “Ўзбекистонда очиқлик ва шаффофлик” таҳлил маркази, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти, “Мадад” ННТ, “Юксалиш” УМҲ вакиллари ҳамда Antikorrupsiya.uz, “Менинг юртим” телеканли каби мустақил ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Таъкидланганидек, Агентлик томонидан мазкур Давлат дастурининг ижросини таъминлаш юзасидан доимий равишда мониторинг ва таҳлил ишлари амалга оширилиб, Миллий кенгашга ахборот бериб борилмоқда.
Давлат дастурида белгиланган 5 та йўналишдаги 44 та банддан иборат 50 дан ортиқ вазифа ва топшириқлардан келиб чиқиб, ўтган давр мобайнида 11 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Йиғилишда соҳанинг институционал асосларини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида амалиётга жорий қилинган янги механизмлар ва уларнинг самарасига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Қайд этилганидек, давлат фуқаролик хизматчилари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, совғалар олиш ва бериш тартиби, ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилинишини, моддий таъминот олишини ва рағбатлантирилишини таъминлаш белгиланди. Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар босқичма-босқич коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиладиган бўлди. Давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини рейтинг баҳолаш ҳамда очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси жорий этилди.
Бундан ташқари, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методика тасдиқланди. Очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 1 тага кенгайтирилиб улар сони 35 тага етказилди. Давлат органлари ва ташкилотларида коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш ва баҳолаш тартиби белгиланди.
Йиғилишда Давлат дастурида давлат хизматларини кўрсатишда ахборот технологияларини ривожлантириш, электрон ахборот платформаларини ишлаб чиқиш юзасидан белгиланган топшириқларнинг ижроси хусусида ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ўтган давр мобайнида коррупцион хавф-хатарларни баҳолаш электрон тизими, коррупция ҳолатлари ҳақида хабардор қилиш имконини берувчи махсус дастурий таъминот “Е-anticor.uz” платформаси, коррупция ҳақида тезкор хабар бериш имконини берувчи “1253” қисқа рақамли “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилди.
Жамоатчилик кенгаши ва экспертлар гуруҳи аъзолари томонидан давлат дастури доирасида бажарилган ишларнинг амалий натижадорлиги жамоатчилик мониторинги тарзида муҳокама қилиб бориш лозимлиги таклифи билдирилди.
Муҳокама давомида “Менинг Юртим” телеканали муҳаррири Ю.Олимова давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши коррупциянинг олдини олишда ижобий самарасини бераётганлигини, жумладан, давлат дастури ижроси доирасида давлат органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизими, Очиқлик индекси, Одоб аҳлоқ қоидаларининг қабул қилиниши, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар коррупцияга қарши экспертиза тизими жорий этилганлиги коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг муҳим жиҳатлари эканлигини таъкидлаб ўтди.
“Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси А.Ташанов Давлат дастурида белгиланган айрим вазифаларнинг бажарилмай қолаётганлиги жамоатчиликнинг эътирозларига сабаб бўлаётганлигини, шу сабабдан давлат дастури 6-бандидаги Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий этиш бўйича белгиланган топшириқ ижроси ўз вактида таъминлаш кераклиги тўғрисида фикр билдирди.
18.01.2023