Давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ тизимини такомиллаштириш ишлари давом этмоқда
Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Коррупциянинг олдини олиш юзасидан 2026 йилга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ижроси доирасида давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидаларига зид хатти-ҳаракатларининг олдини олиш, хизмат одоби ва масъулиятини ошириш, шунингдек мазкур йўналишдаги институционал механизмларни такомиллаштириш масалалари муҳокамасига бағишланган ишчи гуруҳ йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда Бошқарув самарадорлиги агентлиги, Ички ишлар, Мудофаа, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Бошқарув самарадорлиги агентлиги, шунингдек , Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, "Uzinfocom" ҳамда Тошкент давлат юридик университети, Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти, Криминология тадқиқот институти масъул ходимлари иштирок этди.

Тадбир давомида Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Давлат хизматчиларининг “Одоб-ахлоқ кодекси” лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, унинг мазмун-моҳияти, қўлланиш амалиёти ва халқаро тажриба билан уйғунлашуви юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш Виртуал академияси электрон платформаси негизида давлат хизматчилари учун “Одоб-ахлоқ курси”ни ишлаб чиқиш жараёни юзасидан маълумот берилди. Мазкур курс орқали хизматчиларнинг ҳуқуқий онги ва этик маданиятини оширишга қаратилган интерактив ўқув механизмлари жорий этилиши таъкидланди.

Йиғилишда “Рақамли комплаенс” ахборот дастурий комплекси доирасида жорий этилаётган “Одоб-ахлоқ модули” ҳам тақдимот қилинди. Қайд этилганидек, ушбу модуль орқали давлат хизматчилари фаолиятида шаффофликни таъминлаш, эҳтимолий ҳуқуқбузарликларни эрта аниқлаш ва профилактика қилиш имкониятлари кенгайиши қайд этилди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан амалий ва манзилли таклифлар илгари сурилиб, давлат хизматида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш тизимини янада самарали ташкил этишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
06.05.2026