Жорий йилнинг 9-10 октябрь кунлари Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори А.Бурханов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Қатар давлатига амалий ташрифи амалга оширилди.
Маълумот учун: Қатар давлати Transperancy International ташкилотининг 2022 йил коррупцияни қабул қилиш индексида 58 балл билан 40-ўринни эгаллаган.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад - икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар давлатига ташрифи давомида Амир шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан коррупцияга қарши курашишга оид эришилган келишувларнинг ижросини таъминлаш ҳамда ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашишдан иборат бўлди.
Делегация аъзолари ташрифнинг биринчи куни Қатар Давлат аудит бюроси ҳамда Коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлиги маркази раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди.
Хусусан, Қатар давлат аудит бюроси билан учрашув доирасида икки давлат идоралари ўртасида давлат харидлари соҳасида қонунийликни таъминлаш, молиявий назорат тизими, тендер ва аукционларни ташкил этиш ҳамда соҳадаги давлат хизматчиларининг малакасини ошириш каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Қатар Давлат аудит бюроси 1973 йилда ташкил этилган бўлиб, мамлакатда молиявий назоратни амалга оширувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади, давлат идораларида аудит текширувларини ўтказиш ҳамда давлат харидлари соҳасида қонунийликни таъминлашга масъул бўлган идора саналади.
Учрашув якунида Бюро ва Агентлик ўртасида ҳамкорлик битимини имзолаш, молия, бухгалтерия соҳаси вакиллари, аудиторлар ва бошқа давлат молиявий назоратини амалга оширувчи мутахассислар учун ўқув дастурларини ҳамкорликда ишлаб чиқиш, давлат харидлари соҳасида электрон дастурлар (Қатар - Archer GRC ва Ўзбекистон - exarid.uz платформаси)ни солиштириш орқали уларни ҳамкорликда такомиллаштириш, Бюро ҳамда Агентлик ходимларининг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этишга келишиб олинди.
Қатар томони Давлат аудит бюроси ва Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида идоралараро ҳамкорлик битимини ишлаб чиқиш ва имзолашни таклиф этди.
Шундан сўнг, Қатарнинг Коррупцияга қарши курашиш ва қонун устуворлиги маркази вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Унда 1-2 октябрь кунлари икки давлат раҳбарларининг “Коррупцияга қарши кураш соҳасида ютуқлари учун” халқаро мукофотининг тақдирлаш маросимини Ўзбекистонда ўтказишга оид келишувини амалга ошириш ҳамда Агентлик ва Марказ ўртасида ҳамкорликни кучайтириш масалалари ва истиқболдаги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Маълумот учун: Қонун устуворлиги ва коррупцияга қарши кураш маркази “Қатар миллий нигоҳи – 2030” дастури тамойилларига содиқлигини узлуксиз таъминлаш ва уни самарали амалга ошириш мақсадида 2011 йилда БМТ билан ҳамкорликда ташкил этилган.
Учрашувда Марказнинг асосий фаолият йўналишлари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, тақдирлаш маросимининг ташкилий жиҳатлари, тайёргарлик жараёнлари, тарғибот тадбирлари ҳамда таклиф этиладиган иштирокчилар доираси каби масалалар кўриб чиқилди.
Ташрифнинг иккинчи куни Маъмурий назорат ва очиқлик идораси ҳамда Қатар давлат Бош прокуратураси раҳбарияти билан учрашувлар ташкил этилди.
Бош прокуратурадаги учрашувда ташкилотнинг коррупцияга қарши курашишдаги иштироки, ҳамкорлик йўналишлари, қўшма ҳамкорлик лойиҳалари истиқболлари муҳокама қилинди.
Маъмурий назорат ва очиқлик идораси раҳбарияти билан муҳокамаларда идора томонидан давлат органларининг коррупцияга қарши фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишда профилактик чора-тадбирлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчиликни коррупцияга қарши курашга жалб этиш, ёшлар учун ҳамкорликдаги лойиҳаларни ишга тушириш каби йўналишларда ўзаро тажриба алмашиш масалалари кўриб чиқилди.
Маълумот учун: Маъмурий назорат ва очиқлик идораси давлат органларида ҳалоллик ва ошкораликка оид сиёсатни мувофиқлаштириш, соҳага оид қонунчилик ва бошқа механизмларни ишлаб чиқиш, ўқитиш, давлат амалдорларининг салоҳиятини ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича жамоатчилик хабардорлигини ошириш, халқаро ҳужжатларни мамлакат қонунчилигига имплементацияни қилинишини ташкшкил этишга масъул ҳисобланади.
Шунингдек, давлат раҳбарлари ташрифи жараёнида имзоланган икки томонлама меморандумни амалга ошириш бўйича амалий чораларни белгилаб олиш бўйича келишувга эришилди.
Ташриф доирасидаги учрашувларда муҳокама этилган ҳар бир йўналиш бўйича аниқ вазифа ва режалар белгилаб олинди ҳамда уларнинг ижро этилишидан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиши қайд этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
10.10.2023