Бугун Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров иштирокида 2025 йилда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили, хусусан, Очиқлик индексининг якуний натижаларига бағишланган брифинг ўтказилди.
Таъкидаланганидек, мазкур даврда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида очиқлик ва ошкоралик тамойилларини мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида давлат бошқарувида шаффофлик, очиқ мулоқот ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, очиқликка оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ишлари изчил давом эттирилди.
Хусусан, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати 43 тага етказилди, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан идоравий ҳужжатларни қабул қилишда очиқликни таъминлаш тамойилига қатъий риоя қилиниши устидан таъсирчан назорат ўрнатиш механизмлари янада такомиллаштирилди.
2025 йилда Парламент палаталарининг барча мажлислари ва ҳудудий Кенгашлар томонидан ўтказилган 559 та сессиялар, шунингдек, илмий кенгашларнинг 2.079 та докторлик илмий даражалари ҳимояси жараёнлари телеканаллар ва Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилди.
Давлат идоралари ва ташкилотларининг очиқликка масъул бўлган 146 нафар ходимларининг малакасини ошириш ҳамда уларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида, хорижий экспертлар иштирокида 7 та ўқув курслари ташкил этилди.
Шунингдек, Агентликнинг давлат хизматчиларини онлайн режимда ўқитишга мўлжалланган “E-learning” электрон платформасидаги интерактив модуллар сони 14 тага етказилиб, 2025 йилда мазкур платформа орқали давлат идораларининг 1320 нафар (820 нафар республика ва 500 нафар маҳаллий) ходимлари ўқитилиши таъминланиб, уларга махсус сертификатлар тақдим этилди.
Хабарингиз бор, мамлакатимиз Президентининг ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлиги 2022-йилдан бошлаб ҳар йили “Очиқлик индекси” асосида баҳолаб келинмоқда.
Хусусан, 2025 йил якунлари асосида ўтказилган бу йилги баҳолашда 97 та вазирлик, идора, муассаса ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолияти қамраб олинди. Баҳолаш жараёни 84та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8та индикатор асосида амалга оширилди.

Якуний натижаларга кўра, 66та давлат органи “яшил”, 22таси “сариқ” ва 9таси “қизил” самарадорлик кўрсаткичларини қайд этди.

Эътиборли жиҳати, жорий йилги баҳолашда ўтган йилга нисбатан “яшил” тоифада баҳоланган идоралар сони 34 %га кўпайиб, “сариқ” тоифадагилар 36 %га ва “қизил” тоифадагилар 31 %га камайган.

2022 йилдаги, яъни илк баҳолаш кўрсаткичлари билан билан таққослаганда “яшил” тоифадагилар 3,5 баробарга кўпайган бўлса, “сариқ” тоифадагилар 2 баробар ва “қизил” тоифадагилар 3 баробарга камайган.

Очиқлик бўйича энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари “Навоий кон-металлургия комбинати”, “Ўзбекгидроэнерго” ва “Ўзавтосаноат” АЖлари, Транспорт назорати инспекцияси, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Адлия вазирлиги томонидан қайд этилди.

Республика даражасидаги ташкилотлардан - Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, ҳудудий миқёсда эса Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари энг паст кўрсаткичларни қайд этиб, “қизил” тоифада баҳоланди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан ҳар йилги баҳолаш натижалари асосида очиқлик тизимини янада такомиллаштириш ишлари амалга ошириб келинмоқда ва бу йил ҳам бу борадаги зарур чоралар изчил давом эттирилади.
Жумладан, “сариқ” тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишга амалий кўмаклашилади.
“Қизил” тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, “қизил” тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик соҳасида йўл қўйган камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича режалаштирган чора-тадбирлари юзасидан ахборотларини Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши, Вазирлар Маҳкамаси ва Олий Мажлис Сенати мажлисларида эшитиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан Очиқлик индекси жорий этилиши натижасида эришилган ижобий тажрибани янада оммалаштириш мақсадида баҳолаш жараёнларини қуйи тизимларда амалга ошириш йўлга қўйилади. Жумладан, 2026 йил 2-ярмидан синов тариқасида Навоий вилоятининг туман ва шаҳар ҳокимликлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлиги даражасини index.anticorruption.uz платформасида баҳолаш режалаштирилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш ва доимий мониторинг қилиш, очиқликка оид қонунчилик ҳужжатлари ижросини таъминлаш ишлари изчил давом эттирилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
13.04.2026