ХЖВ миссияси Ўзбекистоннинг аксилкоррупция сиёсатидаги сўнгги янгиликлар билан танишди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг Яссир Абдих бошчилигидаги делегациясини қабул қилди.
Учрашувда Агентлик директори Акмал Бурханов делегация аъзоларини Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги сўнгги янгилик ва ўзгаришлар билан таништирди.
Жумладан, 2025 йил 30 декабрда қабул қилинган ПФ-270-сон Президент фармони ва унда белгиланган 2030 йилгача аксилкоррупция сиёсатининг устувор йўналишлари, шу жумладан, рақамлаштириш ва очиқликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, институционал механизмлар сезиларли даражада мустаҳкамланиб, Агентликнинг ваколатлари кенгайтирилди, коррупцияга қарши менежмент тизимининг Миллий стандарти, Коррупциянинг олдини олиш кластери ва замонавий комплаенс-назорат механизмлари жорий этилмоқда.

Бундан ташқари, давлат харидлари соҳасида маълумотлар таҳлили ва сунъий интеллект технологияларидан кенг фойдаланилмоқда. Делегация вакиллари “Рақамли комплаенс” ва “E-qaror” тизимлари фаолиятига алоҳида қизиқиш билдирди.

Учрашув доирасида даромадлар декларациясини жорий этиш, коррупция ҳақида хабар берувчиларни ҳимоя қилишнинг бўйича қонунчилик асосларини такомиллаштириш ва халқаро рейтингларда Ўзбекистон позициясини яхшилаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Халқаро ташкилот вакиллари қисқа вақт ичида мамлакатда коррупцияга қарши курашиш сиёсатини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган изчил ва қатъий ислоҳотларни юқори баҳолаб, бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини билдирди.
Учрашув якунида икки томон ҳамкорликни янада ривожлантириш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати