Ўзбекистон ва Россия коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Ўзбекистон ва Россия коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда

Бугун Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигида мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Дмитрий Миронов бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда томонлар коррупцияга қарши давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш масалалари бўйича ўзаро фикр алмашдилар. Шунингдек, соҳадаги ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Россия Федерацияси Президентининг Давлат хизмати, кадрлар ва коррупцияга қарши курашиш масалалари бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ташриф доирасида делегация Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида бўлиб, давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги билимларини узлуксиз ошириш тизими билан танишди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев билан музокаралар ўтказиб, давлат бошқаруви соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Делегация аъзолари давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Раҳбар кадрларни баҳолаш марказига ҳам ташриф буюрди.

Ташриф давомида Марказда давлат хизматчиларини шахсий-профессионал диагностика қилиш ҳамда уларнинг коррупцияга қарши барқарорлик даражасини баҳолаш тизими тақдимот қилинди. Мазкур тизим асосида ҳозирги кунга қадар 800 нафардан ортиқ турли бўғин раҳбарларининг коррупцияга қарши барқарорлик даражаси баҳолангани маълум қилинди.

Делегация вакиллари, шунингдек, Шайхонтоҳур туманидаги Янги Камолон маҳалласида аҳоли бандлиги ва турмуш маданиятига қаратилаётган эътибор, “Маҳалла еттилиги” фаолияти, маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жиноятчиликнинг олдини олиш чоралари ва уларнинг самаралари билан яқиндан танишди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати