Навоий вилоятида ННТлар томонидан коррупцияга қарши курашишга оид муҳим ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади

Навоий вилоятида ННТлар томонидан коррупцияга қарши курашишга оид муҳим ижтимоий лойиҳалар амалга оширилади

Навоий вилоятида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан ўтказилган ўрганиш доирасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоат бирлашмалари вакиллари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ва унинг вилоят ҳудудий бўлинмаси, шунингдек, Агентлик томонидан халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган грант танловларида вилоятдан ғолиб бўлган ННТларнинг ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалари тақдимот қилинди. Ҳозирда лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида жами 288 млн. сўм грант маблағлари ажратилган.

Лойиҳаларда коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижросини самарали таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Жумладан, «Ноила» ижтимоий кўмак, ҳуқуқий тарғибот ва мониторинг маркази томонидан ҳар бир ҳудуд ва соҳа кесимида маиший коррупция ҳолатларини келтириб чиқарадиган омилларни бартараф этишга қаратилган “Навоий тажрибаси”ни яратиш ташаббуси илгари сурилмоқда.

«Сўғдиёна» ёшлар ва аёллар маркази эса вилоятнинг Учқудуқ, Зарафшон ва Нурота туманларидаги маҳалла ва қишлоқлардан 15 нафар фаолни коррупцияга қарши курашиш қонунчилиги ва хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича “ошкоралик элчиси” сифатида тайёрлашни мақсад қилган.

«Қақнус» аёллар ва ёшлар маркази ҳамда “Интилиш ва тараққиёт” жамоат бирлашмасининг ижтимоий лойиҳаларида эса вилоятнинг энг чекка ҳудудларида коррупцияга нисбатан муросасизликни кучайтиришга қаратилган муҳим тарғибот-ташвиқот тадбирлари ўрин олган.

Учрашув якунида Агентлик директори лойиҳалар бўйича амалий натижаларга эътибор қаратиш, ҳар бир вазифа ва мақсадни самарали амалга ошириш, грант маблағларидан оқилона фойдаланиш борасида тавсия ва таклифлар берди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати