Косон туманини коррупциядан холи ҳудудга айлантириш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда

Косон туманини коррупциядан холи ҳудудга айлантириш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори бошчилигидаги ишчи гуруҳ Қашқадарё вилоятида Косон туманини коррупциядан холи ҳудудга айлантириш бўйича ўрганишлар олиб бормоқда.

Ўрганишлардан мақсад - Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифа ва топшириқлар ижросини таъминлаш, хусусан, коррупция даражаси юқори бўлган соҳаларни рақамлаштириш, бюрократик тартибларни бекор қилиш бўйича аниқ чоралар кўришдан иборат.

Ишчи гуруҳ томонидан туманнинг соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупциянинг олдини олишга қаратилган ишлар ҳолати ўрганилиб, уларда бепул ва пуллик тиббий хизматларни кўрсатиш, тиббий жиҳозлар ва дори воситалари билан таъминлаш, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилиш каби йўналишларда коррупция хавфларини бартараф этиш чоралари кўриб чиқилди.

Шунингдек, бу борада аҳоли билан ҳам суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг кўрсатилаётган тиббий хизматларга бўлган муносабати тингланди.

Агентлик директори Акмал Бурхонов томонидан мазкур тиббиёт муассасаларида коррупциянинг олдини олиш ишлари самарали йўлга қўйилмаганлиги, тиббиёт ходимлари ва аҳолида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда камчиликлар мавжудлиги танқид қилинди.

Мазкур камчиликларни бартараф этиш ва тиббий хизматлар кўрсатишда тамагирлик ва коррупция ҳолатларининг олдини олиш юзасидан масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати