Косон туманида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалий ишлар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари УмидаТухташева бошчилигидаги ишчи гуруҳ Косон туманида “коррупциядан холи ҳудуд”га айлантириш дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганди.

Ишчи гуруҳ Давлат хизматлари марказида бўлиб, аҳолига хизмат кўрсатиш сифати, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар юзасидан масъуллар билан мулоқот қилди.
Шунингдек, марказга мурожаат этган фуқароларнинг фикрлари ўрганилиб, улар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди.

100-умумий ўрта таълим мактабида ўтказилган ўрганишда “GRACE”дастури изчил амалга оширилаётганига гувоҳ бўлинди. Масъуллар билан мулоқотда "Ҳалоллик тўгараклари"ни ташкил этиш бўйича тавсиялар берилди.
Дастур ижроси доирасида туман деҳқон озиқ-овқат бозорида “Рақамли бозор” платформаси жорий этилмоқда, хусусан, ҳозирга қадар бозор ҳудудида 16 та махсус кузатув камераси ўрнатилган.

Ишчи гуруҳ ўрганишларида бозор фаолиятини рақамлаштириш, сунъий интеллект асосидаги кузатув камераларини ўрнатиш орқали шаффофликни таъминлашга қаратилган лойиҳалар давом эттирилаётгани маълум қилинди.

Тумани тиббиёт бирлашмасидаги ўрганишларда хизматлар кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, дори воситаларини электрон ҳисобга олиш ҳамда улар ҳаракатини тўлиқ назорат қилишга қаратилган “DMED” ахборот тизими жорий этилгани қайд этилди.
Барча тиббиёт муассасалари замонавий компьютер техникаси ва 3Д-сканерлар билан жиҳозланмоқда.

Ўрганиш мобайнида туман маҳаллаларида ёшлар ўртасида коррупциянинг олдини олиш, ҳалоллик ва адолат тамойилларини кенг тарғиб этиш мақсадида маҳалла етакчилари билан очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда иштирокчиларнинг таклиф ва ташаббуслари тингланди.

Ўрганиш якунлари масъул ижрочилар иштирокида муҳокама қилиниб, аниқланган камчилкиларни тезкор бартараф этиш, соҳаларда рақамлаштиришни кенгайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда жамоатчилик назоратини ошириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати