3 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ва Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Джонатан Хеник ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Агентлик раҳбари Дж.Хеникни юксак ва масъулиятли лавозимга тайинланганлиги билан қутлаб, икки давлат ўртасида, шу жумладан коррупцияга қарши курашиш соҳасида йўлга қўйилган конструктив мулоқот дипломатик миссиялар кўмагида тизимли давом эттирилишига ишонч билдирди.
Учрашув давомида А.Бурханов АҚШ томонини мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича давлат сиёсати, сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар тўғрисида хабардор қилди.
АҚШ элчиси, ўз ўрнида, мазкур соҳадаги ўзгариш ва кўрилаётган чораларни юқори баҳолаб, мамлакатимизнинг коррупцияга қарши курашишга оид халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрни йилдан-йилга кўтарилаётганлигини эътироф этди.
Учрашув сўнггида, томонлар коррупциянинг олдини олишга қаратилган янги қўшма лойиҳалар ва техник кўмак дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда соҳа юзасидан АҚШ тажрибасини ўрганиш ишларини давом эттиришга келишиб олдилар.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати