“Коррупция: Буни ҳамма билиши керак” китобига бағишланган интеллектуал мулоқот ўтказилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ва Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев иштирокида иқтисодчи Рей Фисман ва сиёсий фанлар бўйича олима Мириам А. Голден муаллифлигидаги “Коррупция: Буни ҳамма билиши керак” китоби мазмун-моҳиятига бағишланган интеллектуал мулоқот бўлиб ўтди.

Мазкур китоб «1000КИТОБ» лойиҳаси доирасида илк бора ўзбек тилида нашр этилган бўлиб, унда коррупция ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан хорижий тажрибалар асосида чуқур таҳлил қилинган.

Асар коррупциянинг қаерда, нима сабабдан ва қандай шаклларда юзага келишини содда ва тушунарли мисоллар орқали ёритади.
Муаллифлар коррупцияни фақат алоҳида шахсларнинг қонунбузарлиги сифатида эмас, балки тизимли муаммо сифатида талқин қилади. Унинг илдизлари назорат механизмларининг етарли эмаслиги, очиқлик ва шаффофликнинг паст даражаси билан боғлиқ экани қайд этилади.
Шунингдек, жамоатчилик назорати, ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни алоҳида таъкидланади.

Очиқлик, ҳисобдорлик ва рақамлаштириш коррупцияни камайтиришнинг муҳим воситалари сифатида кўрсатилади.
Ёшлар билан мулоқот давомида Агентлик директори асарда илгари сурилган институционал ислоҳотлар ва шаффофлик механизмлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган аксилкоррупция сиёсати, очиқлик ва рақамли назорат тизимлари билан уйғун эканини қайд этди.

— Коррупцияга қарши курашни фақат жазо чоралари билан чеклаш — муаммонинг илдизига етиб бормаслик дегани. Шунинг учун биз бу иллатга қарши, аввало, превенция, чуқур институционал ислоҳотлар ва самарали бошқарув орқали тизимли ёндашувни кучайтиришимиз зарур. Энг муҳими, жамиятда ижтимоий масъулиятни ошириш ва ҳалолликни устувор қадриятга айлантириш — бу борадаги энг таъсирчан ва барқарор ечимдир. Эътиборлиси, мазкур китобда ҳам айнан шу ёндашувлар илмий асосда кенг ёритилган, - деди Акмал Бурханов.

Учрашув якунида «1000КИТОБ» лойиҳаси доирасида шу каби илмий-оммабоп адабиётлар таржимасини кўпайтириш, шунингдек, ёшлар ва экспертларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда коррупцияга қарши кураш чораларини янада кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Китобни тўлиқ ҳолатда (электрон ва аудио шаклида) "Mutolaa" (https://mutolaa.com/book/korrupsiya) иловаси орқали ўқишингиз мумкин.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати