Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2025 йил якунлари ва 2026 йил устувор вазифалар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ижроси муҳокама қилинди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Агентлик ва Жамоатчилик кенгашининг 2025 йилдаги фаолияти якунлари ҳамда 2026 йилнинг I ярим йиллигига мўлжалланган устувор вазифалари, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ижроси муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2025-йилда коррупцияга қарши курашиш масалалари икки уч маротаба бевосита Давлат раҳбари иштирокида муҳокама қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Шу даврда соҳада 5 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар доирасида Ишчи гуруҳлар томонидан 14 та ҳудуддаги жами 97 та туман ва шаҳарда соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик, банк, кадастр ва бошқа соҳаларга оид 2 450 та объектда бюрократия ҳамда маиший коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари жойида ўрганилди.
Ҳудудларда биттадан туман-шаҳарни “Коррупциядан ҳоли ҳудуд”га айлантириш бўйича, шунингдек, “Андижон тажрибаси” асосида маиший коррупцияга барҳам бериш ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат муҳитини шакллантиришга қаратилган “Йўл харита”лари тасдиқланди.
Агентлик директори ва Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳар ҳафта биттадан ҳудудда, жами 208 та туман ва шаҳардаги 400 дан ортиқ объектда топшириқлар ижроси ўрганилиб, масъул шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди ҳамда ижрочиларга амалий кўмак кўрсатилди.
Йиғилишда давлат харидларини амалга оширишдаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича ўтказилган ўрганишларда жами 673,3 млрд сўмлик 192 та давлат харидида қонунбузилиши ҳолатлари аниқлангани қайд этилди. 666,6 млрд сўмлик 189 та давлат хариди бўйича давлат буюртмачиларига 117 та тақдимнома, 667,5 млрд сўмлик 166 та давлат хариди юзасидан эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига 109 та сўровнома юборилди.
Давлат раҳбарининг топшириғига асосан 117 та идора ва ташкилотнинг ички назорат бўлинмаси раҳбарлари тўлиқ янгиланди.
342 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилди ва уларнинг 65 фоизида ёки 221 тасида 499 та коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Ф.Отахонов кенгашнинг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботида қайд этишича, мазкур даврда Кенгаш аъзолари пулли автотураргоҳлар бўйича ўрганиш жараёнларида, олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари учун коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган тавсиявий йиллик илмий-тадқиқот мавзуларини шакллантиришда фаол иштирок этди. Жамоатчилик кенгашларининг анъанавий Республика форуми доирасида “Энг фаол жамоатчилик кенгаши” номинациясида тақдирланди.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган 7 та йўналишдаги 26 та банддан иборат вазифа ва топшириқлардан, 2025 йилда бажарилиши лозим бўлган 4 та банд ижроси таъминланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 декабрдаги ПФ-270-сон Фармони билан Агентликнинг мавжуд штат бирликлари доирасида коррупциявий хавф-хатар даражаси юқори бўлган маъмурий тартиб-таомилларни рақамлаштириш, шу жумладан, давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши автоматлаштирилган назорат тизимини жорий этишга масъул бўлган “Хавф-таҳлил маркази” ташкил этилди.
“Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси” электрон платформасида аҳоли ва давлат хизматчиларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича билим ва кўникмаларини доимий ошириб бориш топшириғи бўйича 2025 йил давомида платформанинг базавий ўқув курсларда 1 млн. 67 минг нафар мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари, 3 млн. 146 минг нафар мактаб ўқувчилари ва 62 275 нафар ОТМ талабалари ўқитилган бўлса, махсус ўқув курсларда 49 790 нафар давлат хизматчиларининг малакаси оширилган.
Бундан ташқари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВнинг коррупцияга қарши курашиш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича билим ва малакасини ошириш вазифаси бўйича 2025 йилда 34 та амалий машғулот ва семинар-тренинг тадбирлари ташкил этилиб, ушбу тадбирларда 840 нафар жамоатчилик вакилларининг иштироки таъминланди.

Йиғилиш давомида Чора тадбирлар дастури ижроси юзасидан Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз муносабатини билдирилди.
Хусусан, муҳокамада сўзга чиққан Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Гулнора Бабаджанова чора-тадбирлар дастурида нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашишдаги иштирокини кенгайтириш бўйича белгиланган бандларни алоҳида эътироф этиб, айниқса нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги билимларини ошириш учун ўқув семинарларини ташкил этиш муҳимлигини қайд этди.
“Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти” республика жамоат бирлашмаси директори ўринбосари Фозилжон Отахонов томонидан дастурининг 16-банди белгиланган Илмий даража олиш билан боғлиқ жараёнлардаги коррупцияга имкон бераётган омилларни бартараф этиш вазифаси ҳақиқатда ҳам долзарб эканлиги, бугунги кунда, айрим илмий ишлар талаб даражасида эмаслиги, бунинг сабаби бу жараёнларга коррупция аралашганлиги учун очиқлиқ-шаффофликни таъминлаш ва рақамлаштириш бўйича янги механизмларни жорий этиш кераклиги таклиф этилди.
Йиғилишда Агентлик ва Жамоатчилик кенгашининг 2026 йилнинг I ярим йиллигига мўлжалланган устувор вазифалари хусусида ҳам батафсил маълумот берилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати