Коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини институционал такомиллаштириш чора-тадбирлари ва эришилаётган натижалар

Бугун мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2026 йилнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида “фавқулодда ҳолат” йили деб эълон қилиниши доирасида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари, улар томонидан амалга оширилаётган ишлар ва эришилаётган натижалар юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров иштирокида брифинг ўтказилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида:

— комплаенс соҳасидаги мутахассислар учун касбий стандартлар ишлаб чиқилди ва амалиётга жорий этилмоқда;

— ички назорат бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш масалаларини келишиш тартибини белгиловчи янги таҳрирдаги Намунавий низом тасдиқланди;

— йирик инвестиция лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ва уларнинг рақобат муҳитига таъсирини баҳолашга қаратилган Йўриқномада  комплаенс-назорат тузилмалари иштирокини назарда тутувчи тартиб-қоидалар белгиланди; 

— шунингдек, Президент Фармони билан давлат хизматчиси ва тадбиркорлик субъекти ўртасида амалга оширилган мулоқотнинг асосли ёки асоссиз эканига баҳо бериш ваколати ҳам коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари зиммасига юклатилди;

— коррупцияга қарши ички назорат бўлинмалари ходимларининг малакасини ошириш, уларни стажировка ва аттестациядан ўтказиш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, ички назорат бўлинмалари ходимлари ҳар уч йилда бир маротаба Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан икки босқичда —тест синови ва суҳбат шаклида аттестациядан ўтказилади. Аттестациядан муваффақиятли ўтган ходимларга уч йил муддатга амал қилувчи гувоҳнома берилади.

Ички назорат бўлинмалари ходимлари ҳар йили Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси электрон платформаси орқали малака ошириш курсларида ўқитилади.

Ички назорат бўлинмаларига биринчи марта тайинланган ходимлар мажбурий тартибда стажировкадан ўтади. Стажировка муддати икки ҳафта этиб белгиланган бўлиб, ундан озод этишга йўл қўйилмайди. Якунда стажёр ҳисобот топширади ҳамда суҳбат асосида унинг касбий билим ва амалий кўникмалари баҳоланади.

Шу кунларда яна бир муҳим ҳужжат  — давлат органида ёки бошқа ташкилотда ўзи билан меҳнат шартномаси тугатилган ёки хизматдан бўшатилган ходимни ўзи назоратни амалга оширган ташкилотларга ишга қабул қилишда коррупцияга қарши ички назорат бўлинмасининг хулосасини олиш тартиби тўғрисида низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмоқда.

Лойиҳанинг асосий мақсади - давлат ташкилотларида ишлаган масъул ходимларнинг хизматдан кетганидан кейин ўзи бевосита ёки билвосита назорат қилган ёки қарорлари орқали таъсир кўрсатган ташкилотларга қисқа муддат ичида ишга ўтиши натижасида юзага келиши мумкин бўлган манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий хавфларнинг олдини олишдан иборат.

Лойиҳа юзасидан жамоатчилик муҳокамаси 25-май санасига қадар давом этади.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда ички назорат тузилмалари фаолияти аниқ ва амалий натижалар билан ўзининг муҳим аҳамиятини намоён этмоқда. Хусусан, жорий йилда улар томонидан ўтказилган 11 953 та ўрганиш, мониторинг ва назорат тадбирларида 969,5 млрд сўм молиявий хато-камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилди ҳамда 150,1 млрд сўм маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши олди олинди.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва назорат органларидан келган хатлар асосида 871 та ва ички назорат тузилмалари ташаббуси билан 843 та хизмат текширувлари ўтказилди. Ушбу текширувлар натижасига кўра, ходимларга нисбатан 154 та жиноят, 14 та маъмурий, 323 та интизомий жазолар қўлланилган,  67 та ҳолатда меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ички назорат тузилмаларининг ўз ташаббуси билан ўтказилган хизмат текширувлари натижасида эса ходимларга нисбатан 31 та жиноят, 9 та маъмурий, 311 та интизомий жазолар қўлланилган,  1 201 та ҳолатда меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Ҳуқуқий эксперимент тартибида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тасарруфига ўтказилган Соғлиқни сақлаш, Сув хўжалиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирликлари, шунингдек, “Ўзсувтаъминот” ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги коррупцияга қарши курашиш бўлинмалари томонидан ҳам самарали иш олиб борилди.

Жумладан, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида ички назорат бўлимлари ходимлари томонидан коррупциявий ҳолатлар юзасидан 17 та хизмат текшируви ўтказилиб, 24 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, жумладан 6 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Шунингдек, 7,7 млрд сўмлик молиявий хато ва камчиликлар юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ҳуқуқий баҳо бериш учун юборилди.

46 та назорат ва мониторинг тадбирлари натижасида:

-       20 та коррупциявий омиллар аниқланиб, бартараф этилди;

-       44,4 млрд сўм миқдорида молиявий хато ва камчиликлар аниқланди;

-       140,1 млрд сўм бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланиши олди олинди.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун ижроси доирасида 17 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди, шундан 2 та ҳолатда 2,9 млрд сўмлик шартномаларда манфаатлар тўқнашуви ҳамда аффилланганлик ҳолатларига йўл қўйилганлиги сабабли ғолибни аниқлаш бўйича баённомалар бекор қилиниши таъминланди.

Шунингдек, вазирликнинг “Вазиятлар маркази”да бюджет маблағларининг сарфланиши юзасидан олиб борилган масофавий назорат тадбирлари натижасида 17 та йўналиш бўйича 7 743 та ҳолатда жами 107,6 млрд сўмлик рисклар аниқланди. Ушбу ҳолатлар бўйича ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 5 084 та ҳолатда 16,1 млрд сўм бюджет маблағлари ноқонуний сарфланишининг олди олинди.

16 нафар ходимнинг 20 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи ва раҳбар сифатида фаолият юритиб келаётган ҳолати белгиланган тартибда бартараф этилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги комплаенс-назорат бўлими томонидан коррупция хавф-хатари юқори бўлган йўналишларда 290 та ўрганиш ўтказилиб, 199 та коррупциявий омиллар ва қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, илк маротаба республика миқёсида Давлат тиббий суғурта жамғармаси маблағларидан мақсадли фойдаланилиши ҳолати ўрганилиб, молиялаштирилган маблағларни ўзлаштириш жараёнида 30 дан ортиқ қонунбузилиши ҳолатига йўл қўйилгани ҳамда 46,9 млрд сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланганлиги аниқланди.

Шунингдек, тиббиёт муассасаларини дори воситалари билан таъминлаш ҳолати, харидлар тизими ҳамда ички дорихоналар фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш мақсадида Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ўрганишлар ўтказилди. Ўрганишлар якунига кўра 26 та қонунбузилиши ҳолати аниқланди.

Илк маротаба вазирлик тизимидаги ер майдонлари ва кўчмас мулк объектлари ўрганилиб, қонунбузилиши ҳолатлари ва  коррупциянинг олдини олишга қартилган рақамли назорат тизимини жорий этиш ишлари бошланди.

Ўтказилган ўрганишлар давомида жами 47 млрд сўмлик молиявий зарар аниқланиб, шундан, 8,2 млрд сўм маблағнинг мақсадсиз сарфланиши олди олинди, 1,7 млрд сўм зарар эса ундирилди.

115 та хизмат текшируви натижаларига кўра, коррупцияни олдини олиш бўйича етарли даражада намуна кўрсатмаган 42 нафар мансабдор шахс ишдан бўшатилди, 118 нафар шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 1 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди, 12 нафар шахсга нисбатан эса жиноят иши қўзғатилди.

Илк маротаба вазирлик тизимидаги ташкилотлар, хусусан, Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ва Харидлар марказида “ISO 37001:2025 — Anti-bribery management systems” халқаро стандарти жорий этилди. Ушбу стандарт тиббиёт соҳасида Марказий Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб жорий этилгани алоҳида эътирофга моликдир. 

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан 18 та, ҳудудий ва тизим ташкилотлари томонидан эса жами 79 та мониторинг ва ўрганишлар ўтказилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, 5 та ҳолатда  шундан 2 та ҳолатда (Навоий иссиқлик таъминоти МЧЖ ва Фарғона иссиқлик таъминоти МЧЖ) аниқланган зарар миқдори жами 8,272 млн сўмлик, қолган 3 таси эса норматив ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилганлиги аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Шунингдек, 12 та ўрганиш натижаларига кўра хизмат текширувлари тайинланиб, 13 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди. 5 та ҳолат бўйича хизмат текширувлари тайинланиб, натижалари юзасидан материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. Шу билан бирга, 2 та ҳолат бўйича туман ҳокимликларига тегишли тақдимномалар киритилди, 1 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди, 2 нафар ходим эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Вазирлик тизимида жами 46 та хизмат текшируви ўтказилиб, уларнинг натижасига кўра 18 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 1 нафар ходимга нисбатан эса маъмурий иш қўзғатилди. 

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида тизимда жами 35 нафар ходим бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлар аниқланиб, бугунги кунда барча ҳолатлар бартараф этилди.

Шунингдек, инсон омилини чеклаш ва коррупцияни минималлаштириш борасида “Шаффоф қурилиш” тизимида 24 та платформа яратилиб, 20 дан ортиқ ташкилотларнинг ахборот-дастурий базаларига интеграция қилинган.

Элекрон рейтинг тизими ишга туширилгандан кейин корхоналарнинг айланма маблағлари 190 трлн сўмга, махсус техникалар сони 42,956 мингтага ва банд бўлган аҳоли сони 547,888 мингтага етган. Жорий йилда тизим орқали жами қиймати 9,42 трлн. сўмлик 7 833 та тендерлар ўтказилган, шундан 8,94 трлн сўмлик шартномалар имзоланган бўлиб, натижада 480,0 млрд сўм маблағ иқтисод қилинган.

«Ўзсувтаъминот» АЖнинг комплаенс назорат бошқармаси ҳамда ҳудудий тузилмалари томонидан ўтказилган 94 та ўрганиш давомида 2000 дан оортиқ ҳолатда коррупциявий омиллар барвақт аниқланиб, улар натижасида жами 15,0 млрд сўмлик хато ва камчиликлар бартараф этилди.

Аҳоли ва юридик истеъмолчилардан тўпланган тўловларнинг банк ҳисоб рақамига топширилмаганлиги бўйича 1200 та ҳолатда 1,9 млрд сўмлик тафовут аниқланиб, ушбу тафовутларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, ишчи-ходимларга 10 та ҳолатда 481 млн сўмлик иш ҳақи нотўғри ҳисоблангани аниқланиб, уни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

17 та ҳолатда киримга олинмаган 76,3 млн сўмлик товар-моддий бойликлар қайтарилди.

“Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун ижросига оид ўрганишларда товар-моддий бойликлар хариди билан боғлиқ 825 та шартнома ҳужжати таҳлил қилинди. Натижада 27 та ҳолатда 3,7 млрд сўмлик шартномалардаги камчиликлар бартараф этилиб, 1,39 млрд сўм маблағ иқтисод қилинишига эришилди.

Шу билан бирга, 72 та ҳолат бўйича 1,9 млрд сўмлик хато ва камчиликларнинг олди олинди. Бундан ташқари, 6 та манфаатлар тўқнашуви ҳолати аниқланиб, уларнинг 5 таси белгиланган тартибда бартараф этилди, 1 таси эса Одоб-ахлоқ комиссиясига кўриб чиқиш учун юборилди.

Ўтказилган 94 та хизмат текшируви натижасида аниқланган камчилик ва хатолар юзасидан тизимдаги 12 нафар ходимга нисбатан ҳайфсан, 5 нафарига интизомий жазо чораси қўлланилди, 23 нафар ходим эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 28 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ комлаенс назорат тузилмаси томонидан ҳисобот даврида жами 448,1 млрд сўмлик хато-камчиликлар аниқланди.

Ўрганишлар натижасида аниқланган хато-камчиликлар юзасидан 38 нафар масъул ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 7 нафар ходим эса эгаллаб турган лавозимидан озод этилиб, бошқа лавозимга ўтказилди.

Шунингдек, харид жараёнларини мониторинг қилиш доирасида марказий аппарат томонидан 126 та баённома, шартнома ва қўшимча келишув лойиҳалари белгиланган муддатларда кўриб чиқилди. Ҳудудий комплаенс инспекторлари томонидан эса 1089 та шартнома ўз вақтида ўрганиб чиқилди.

Харидлар жараёни назоратини амалга ошириш давомида январь–апрель ойларида 23 та ҳолатда жами 26,3 млрд сўмлик хато-камчиликлар аниқланиб,  уларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Шунингдек, жамиятнинг харид шартномаларини тузиш ҳамда маблағларни ўтказиш билан боғлиқ фаолияти бўйича жами 72 та чет эл ва маҳаллий корхоналарнинг санкциявий рўйхатларда мавжудлиги юзасидан текширувлар ўтказилди. Натижада 2 та ташкилот бўйича салбий хулоса берилиб, жамиятнинг 35,0 млрд сўмлик манфаатлари ҳимоя қилинди.

Манфаатлар тўқнашуви йўналишида ўтказилган ўрганишлар натижасида 43 та эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолати (қариндошлик алоқалари билан боғлиқ ҳолатлар) аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Жамият  тизимида жами 60 та коррупциявий хавф-хатар аниқланди. Шундан 11 таси юқори, 12 таси ўрта ва 37 таси паст даражали хавф-хатар сифатида таснифланди. Аниқланган хавф-хатарларнинг даражасини камайтириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Президент Администрациясининг комплаенс хизмати томонидан комплаенс-назорат тизимини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати ва устувор вазифалар комплаенс тузилмалари раҳбарлари иштирокида мунтазам равишда муҳокама қилиб борилмоқда. Хусусан, 19 май куни ўтказилган навбатдаги йиғилишда Коррупциянинг олдини олиш кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича вазифа ва топшириқлар ижросини ўз вақтида ва сифатли таъминлаш,  ички назорат тузилмаларининг  ташаббускорлигини ошириш, аниқ натижа, муқаррар жавобгарлик ва тезкор ҳаракатларни таъминлаш масалаларига алаоҳида эътибор қаратилди. 

Давлатимиз раҳбари томонидан берилган вазифа ва топшириқлар ижросини самарали таъминлаш мақсадида мазкур йўналишдаги ишлар тизимли, изчил ва белгиланган режа асосида давом эттирилади.

 Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати