“Ҳалоллик ороли” методологиясининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда

“Ҳалоллик ороли” методологиясининг иккинчи босқичи амалга оширилмоқда

Мамлакатимиз бўйлаб коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар доирасида “Ҳалоллик ороли” методологиясининг иккинчи босқичи ишга туширилди.

Мазкур босқич 2024–2025 йилларда Бухоро вилояти Вобкент тумани, Жиззах шаҳри ҳамда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида амалга оширилган дастлабки тажриба натижаларига асосланади.

Биринчи босқич доирасида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан коррупцияга энг мойил соҳаларда хавф-хатарлар аниқланди, ички тартиб-таомиллар қайта кўриб чиқилди ҳамда маҳаллий шароитларга мос амалий ечимлар ишлаб чиқилди.

Натижада ҳар бир ҳудуд учун 2025–2026 йилларга мўлжалланган стратегик йўл хариталари ва ҳаракатлар режалари тасдиқланди. Уларда давлат органлари фаолиятида коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Ушбу ҳужжатларнинг бевосита маҳаллий мансабдор шахслар томонидан ишлаб чиқилгани уларнинг амалийлиги, маҳаллий иштирок даражаси ва натижа учун шахсий масъулиятни таъминлайди.

Бу йил ушбу ёндашувни кенгайтириш мақсадида, хусусан, Хоразм вилояти Ҳазорасп, Навоий вилояти Конимех, Самарқанд вилояти Жомбой, Фарғона вилояти Олтиариқ, Наманган вилояти Поп туманлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида мазкур методологияни татбиқ этиш ишлари бошланди.

Шу вақтга қадар Ҳазорасп, Тўрткўл, Олтиариқ туманларида “Ҳалоллик ороллари” дастурини амалга ошириш доирасида ҳудудий кенгаш аъзолари, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун махсус ўқув курслари ташкил этилди. Мазкур тренинглар коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга қаратилган.

Ўқув машғулотлари давомида иштирокчиларга коррупцияга қарши курашишнинг самарали механизмлари, шунингдек, давлат хизматчилари орасида одоб-ахлоқ қоидалари ва манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликни кучайтириш ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг энг самарали миллий ва халқаро механизмлари тўғрисида сўз юритилди.  Бундан ташқари, иштирокчилар соҳадаги янги қонунчилик талаблари ва коррупция хавф-хатарларини баҳолаш бўйича зарур кўникмаларга эга бўлди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистонда мазкур методология Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастуриннг Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши миллий экотизимни мустаҳкамлаш" қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати