Бухоро вилоятида коррупциянинг олдини олиш бўйича “Йўл харита”си доирасидаги дастлабки ишлар ўрганилди

Бухоро вилоятида коррупциянинг олдини олиш бўйича “Йўл харита”си доирасидаги дастлабки ишлар ўрганилди

Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда коррупциянинг олдини олиш бўйича тасдиқланган “Йўл харита”лари ижросини мониторинг қилиш бўйича ташкил этилган Ишчи гуруҳ ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолиятини ҳамда ҳар бир белгиланган вазифанинг сифатли амалга оширилишини назорат қилиш тадбирларини давом эттирмоқда.

Хусусан, Ишчи гуруҳ раҳбарлари— Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов ва Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Бахриддин Валиев Бухоро вилоятида “Йўл харитаси” доирасидаги дастлабки ишлар билан танишди.

Ишчи гуруҳ Бухоро шаҳридаги Марказий деҳқон бозорида савдо ва автотураргоҳларни рақамлаштириш ва яширин иқтисодиётга йўл қўймайдиган тизим жорий этиш орқали коррупцияга чек қўйиш бўйича қилинган ишларга эътибор қаратди.

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан маъсулларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек Ишчи гуруҳ вилоят ички ишлар бошқармасининг Ситуацион-таҳлилий марказида бўлди.

Марказ ички ишлар органларининг куч ва воситаларини ахборот технологиялари асосида бошқаришга ихтисослашган бўлиб қоидабузарликлар тўғрисидаги маълумотлар автоматлашган тарзда йиғилади ва қайта ишланади.

Ишчи гуруҳ томонидан бу ерда барча ҳуқуқ-тартибот идоралари ва шошилинч хизматлар маълумотларини интеграция қилиш орқали вилоятда коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олиш зарурлиги таъкидланди.

Ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги

Ахборот хизмати