Андижон вилоятида субсидия маблағларининг талон-торож қилингани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 июлдаги 307-сон қарори асосида субсидия маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланиши юзасидан Андижон вилоятида ўрганиш ўтказилди.
Ўрганиш мобайнида Жалақудуқ туманининг Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўлими мансабдор шахслари томонидан «S.Т.Х» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ф.Х. билан олдиндан тил бириктириб, қонунчиликка зид равишда ҳаракат қилингани аниқланди.
Жумладан, 2023 йилда тузилган ижтимоий шартномага асосан “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 25 нафар ишсиз аёлнинг мазкур МЧЖда касаначи сифатида бандлиги таъминлангани ва уларга 247,5 миллион сўмлик тикув асбоб-ускуналари берилгани ҳақида сохта ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ўрганиш натижалари бўйича тўпланган материаллар асосида Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати